Ўзбекистонда 17 июнь соат 23:00 дан 18 июнь соат 23:00 га қадар коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 85 та ҳолат қайд этилди. Сўнгги беш кун ичида биринчи марта янги касалланиш ҳолатлари 100 тадан ошмади. 17 июнда 189, 16 июнда 230, 15 июнда 183 ва 14 июнда 114 кишида коронавирус аниқланганди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 5767 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганлардан

  • 54 нафари Карантин муассасаларидаги фуқаролар орасида;
  • 28 нафари аҳоли орасида (Тошкент вилоятида — 14 нафар, Тошкент шаҳрида — 13 нафар, Қашқадарё вилоятида — 1 нафар);
  • 3 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Тошкент вилоятида — 2 нафар, Сирдарё вилоятида — 1 нафар) аниқланган.

Кун давомида бешта ҳудудда касаллик аниқланди. 18 июнда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларини Президент Шавкат Мирзиёев икки кун аввал вазият мураккаб бўлиб турган ҳудудлар сифатида эътироф этганди.

Касалликдан даволаниш

18 июнь куни 68 нафар фуқаро коронавирусдан соғайди. Уларнинг барчаси Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида шифо топди. Пойтахтда коронавирусдан даволанганлар сони 2100 нафардан ошиб кетди. Шу вақтгача касалликдан соғайганларнинг ярмидан кўпи айнан Тошкентда даволанган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 5767 нафар бемордан 4199 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 72 фоизни ташкил этмоқда. 13 июнь куни бу борадаги кўрсаткич 78 фоизгача ҳам чиққанди.

Айни вақтда шифохоналардаги 1549 нафар бемордан 1208 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 341 нафар бемор мамлакатнинг 9 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Қорақалпоғистонда 6, Андижонда 7, Сурхондарёда 15, Наманганда 21, Самарқандда 23, Хоразмда 24, Бухорода 27, Навоийда 57 ва Қашқадарёда 161 нафар бемор қолди. Жиззах ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди.

Аҳволи оғир беморлар

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1549 нафар бемордан 12 нафари оғир аҳволда. Бир сутка ичида аҳволи оғир беморлар сонида ўзгариш бўлмади.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 19 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган. Июнь ойининг ўзида 4 нафар бемор вафот этди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 30 434 нафар, стационар карантинда эса 22 343 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 1798 нафарга, стационар карантиндаги фуқаролар сони 288 нафарга кўпайди.