«Реал» бош мураббийи Зинедин Зидан «Эйбар»га қарши ўйиндан (3:1) сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Бу умуман бошқа футбол, лекин биз мослашишга мажбурмиз. Иккинчи бўлим қийин кечди. Бу жисмоний ҳолатга боғлиқми, йўқми билмайман. Лекин нимадир нотўғри кетди. Биринчи бўлимни кўнгилдагидек ўтказгандик.
Ушбу уч очко жуда муҳим эди. Олдинда ҳали яна 10 та ўйинимиз бор.
Эҳтимол, ҳисоб 3:0 бўлиши ҳам мумкин эди, боиси биринчи бўлимда ҳамма нарса аъло даражада эди. Балки, футболчилар бўшашиб кетгандир. Карвахаль тўпиғида муаммоларга дуч келгани, Рамос ўзини ноқулай ҳис қилгани ва Азар узоқ вақт ўйнамагани учун алмаштиришлар қилишга мажбур бўлдик, аммо ўйин алмаштиришлар туфайли ўзгариб кетди деб ўйламайман.
Ҳужумчиларнинг гол ура олмаётгани мени хавотирга солмаяпти, бизда ўйин тақдирини ҳал қиладиган ўйинчилар бор. Азар ўзи ҳам гол уриши мумкин эди, аммо у жуда тўғри ҳаракат қилди ва тўпни Рамосга оширди», — дейди Зидан.
Ушбу ғалабадан кейин Мадрид клуби очколари сонини 59 тага етказиб олди. Пешқадам «Барселона» билан орадаги фарқ 2 очкони ташкил қилмоқда. Чемпионат якунланишига эса 10 та тур қолган.
Мавзуга доир:
- Зинедин Зидан Ла Лигадаги ғалабалар сони бўйича «Реал» мураббийлари орасида 2-ўринга чиқиб олди
- Зинедин Зидан «Реал» бошқарувида 200 та ўйин ўтказган учинчи мураббийга айланди
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)