Ўзбекистонда 15 июнь соат 23:00 дан 16 июнь соат 23:00 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 230 та ҳолат қайд этилди. Ўзбекистонда иккинчи марта бир кун ичида касалланганлар сони 200 нафардан ошди. 7 июнда 237 кишида коронавирус аниқланганди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 5493 нафарга етди.
Янги касалланиш ҳолатлари
Янги касалланганларнинг- 196 нафари карантин муассасаларидаги фуқаролар орасида;
- 20 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 14 нафар, Бухоро вилоятида — 3 нафар, Самарқанд вилоятида — 2 нафар, Наманган вилоятида — 1 нафар);
- 14 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Тошкент вилоятида — 9 нафар, Сирдарё вилоятида — 5 нафар) аниқланган.
Тошкент шаҳри аҳоли орасида коронавирус аниқланиши бўйича яна етакчилик қилди. Бир кун ичида аҳоли орасида аниқланган 20 та ҳолатдан 14 таси пойтахтда рўй берди. 16 июнь куни ўтказилган видеоселекторда Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида сўнгги икки ҳафтада касалланган 551 нафар фуқародан 482 нафари айнан аҳоли орасидан аниқлангани, 57 ҳолатда вирусни юқтириш манбаси номаълум бўлиб қолаётганини қайд этди. Пойтахтда июнь ойида фақат 3 июнь куни аҳоли орасида биронта ҳам касалликни юқтириб олиш ҳолати қайд этилмаганди.
Самарқанд вилоятида иккинчи кун кетма-кет аҳоли орасида коронавирус аниқланмоқда. 15 июнда 3 кишида коронавирус аниқланган бўлса, бир кун ўтиб вирус юқтириб олиш билан боғлиқ 2 та ҳолат қайд этилди.
Бухоро вилоятида 16 июнда қайд этилган 4 та ҳолатдан 3 таси аҳоли орасида аниқланди. Умуман олганда вилоятда икки кунда бир коронавирус қайд этилмоқда. 14 июнда 2 та, 12 июнда 5 та ва 10 июнда 2 та ҳолат қайд этилганди. Уларнинг барчаси аҳоли орасида аниқланганди.
Наманган вилоятида икки кундан буён кунига бештадан янги ҳолат аниқланмоқда. Ҳолатларнинг 9 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот қилганлар орасида, биттаси аҳоли орасида қайд этилди.
Тошкент вилояти ва Сирдарё вилоятида 16 июнь қайд этилган ҳолатлар фақат халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида аниқланди.
«Агар вазият шундай давом этса, вилоятлар ва кўп шаҳарларни ёпишга мажбур бўламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Касалликдан даволаниш
16 июнь куни 77 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Бу 16 июнда касаллик аниқланган беморлар сонидан 3 баробар кам. Кун давомида соғайган беморларнинг бари Тошкентдаги 4 та тиббиёт муассасасида шифо топди. Беморларнинг 42 нафари Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида, 21 нафари Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида, 11 нафари Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида ва 3 нафари 3-сонли туғруқ мажмуасида даволаниб чиқиб, уйига кузатилди.Янги тартибга кўра, коронавирусдан даволанган беморлар эндиликда реабилитацияга эмас, тўғри уйларига кузатилмоқда. Ўзбекистон реабилитацияга кузатиш тажрибасидан воз кечди.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 5493 нафар бемордан 4096 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 74 фоизни ташкил этмоқда. 16 июнда коронавирусга чалинганлар касалликдан соғайганларга нисбатан 3 баробар кўп бўлгани учун даволаниш кўрсаткичи бир кун олдинги 76 фоиздан 2 фоизга ёмонлашди.
Тез орада вирус енгил кечаётган беморларни уйда даволаш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 16 июндаги видеоселекторда айтиб ўтди.
«Вируснинг енгил шакллари аниқланган ёки касаллик аломатларсиз ўтаётган фуқароларни уй шароитида тиббий назоратда ушлаш ва даволаш амалиётини йўлга қўйишимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
21 апрелдан буён илк марта коронавирусдан даволанаётганлар сони шифохоналарда 1300 нафардан ошиб кетди. Айни вақтда шифохоналардаги 1378 нафар бемордан 1064 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 314 нафар бемор мамлакатнинг 9 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.
Қорақалпоғистонда 6, Андижонда 7, Сурхондарёда 9, Бухорода 19, Наманганда 21, Самарқандда 22, Хоразмда 24, Навоийда 51 ва Қашқадарёда 155 нафар бемор қолди. Жиззах ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди.
Аҳволи оғир беморлар
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1378 нафар бемордан 13 нафари оғир аҳволда. Шифохоналарда ўта оғир аҳволдаги беморлар қолмаган. Бунақаси июнь ойида кузатилмаганди. Бир сутка аввал ҳам, 16 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра ҳам 14 нафар оғир ва 2 нафар ўта оғир аҳволдаги беморлар ҳақида маълумот берилганди.15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 19 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган. Июнь ойининг ўзида 4 нафар бемор вафот этди.
Изоҳ (0)