Тошкент шаҳар ҳокимлиги экологик хизматлар борасида етакчи ташкилот – Франциянинг SUEZ компанияси билан ҳамкорлик бошланганлиги ҳақида хабар берди.
Қайд этилишича, бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, SUEZ’нинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Кавказ ҳудуди бўйича бош директори Сирил Куржарет ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев томонидан 7 март куни тегишли шартнома имзоланган. Унга мувофиқ, «Тошкент сув таъминоти трансформациясининг режаси» номли 7 йиллик истиқболли ва инновацион лойиҳа амалга оширилади.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Рахмонқуловнинг таъкидлашича, лойиҳанинг умумий бюджети 185,4 миллион еврони ташкил қилади. Шундан 142 миллион евро Европанинг етакчи банклари кредитлари ҳисобидан ўзлаштирилади. Маблағлар шаҳар сув таъминоти ва оқава сув тармоқларини модернизация қилиш ва уларнинг бошқарувини энг юқори халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга йўналтирилади.
Лойиҳа SUEZ’нинг 80 дан ортиқ мамлакатдаги 150 йиллик тажрибасига таянган ҳолда SUEZ томонидан интеллектуал бошқарув бўйича энг илғор технологияларни жорий қилиш ва ноу-хауларни татбиқ этишни ўз ичига олади.
«Ушбу ижтимоий лойиҳа давлатимизнинг илғор хорижий тажриба кўмагида барча фуқаролар учун коммунал хизматларни янгилаш ва кенгайтиришга бўлган ёндашувига тўлиқ мувофиқ келади. Бу Ўзбекистондаги сув таъминоти секторининг модернизация қилиш бўйича илк лойиҳа бўлиб, бутун Марказий Осиё минтақаси учун намуна бўлади», — дейди у.
Шунингдек, таъкидлашича, Тошкент сув таъминоти трансформациясининг лойиҳаси маҳаллий иқтисодиётга ҳам салмоқли ҳисса қўшади. Ускуналарни ишлаб чиқаришнинг бир қисми Тошкентда жойлаштирилиши янги иш ўринларини яратишга кўмак беради ҳамда сув таъминоти бўйича юзлаб маҳаллий мутахассислар Тошкентда ва хорижда ўқитилади.
Ҳозирги кунда техник топшириқнинг келишилган лойиҳаси унинг техник-иқтисодий асосланиши учун Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Тармоқ илмий-техник кенгаши томонидан кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)