Республика махсус комиссиясининг 14 июнь куни эълон қилинган қарорида карантин харажатларини қоплаш билан боғлиқ бир қатор янги талаблар белгиланди. Бу ҳақда Telegram’даги @koronavirusinfouz канали хабар бермоқда.

Унга кўра, карантин чекловлари шароитида фаолият юритишига рухсат берилган тадбиркорлик субъектлари (қурилиш, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш объектлари ва бошқалар)га тегишли объектларда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида бир кунда 195 кишида коронавирус аниқланган, уларнинг 183 нафари шаҳардаги қурилиш майдончаларида ишлаётган қурувчилар экани маълум қилинган эди. Бундан ташқари, Қашқадарёда Enter Engineering компаниясининг 28 нафар чет эллик ходимида ҳам коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.