Ўзбекистонга санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган (яшил рейслар) Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Исроилдан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар карантин назоратига олинмайди. Telegram’даги @koronavirusinfouz каналининг хабар беришича, бу ҳақдаги қарор Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.
Мавзуга доир: Хитойда коронавирусга чалинганлар сони бир суткада 66 кишига, Жанубий Кореяда эса 34 кишига ошди
«Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган (қизил рейлар — эвакуация рейслари) қолган бошқа давлатлар, жумладан, БАА, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан кириб келган шахслар 14 кун давомида карантин назоратида сақланади», — дейилади Республика махсус комиссияси ахборотида.
Қўшимча қилинишича, санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган ва яхшиланаётган мамлакатларда авиарейс қатнови кунига қадар узлуксиз 14 кундан кам бўлган, шунингдек, оғир санитария-эпидемиологик вазият сақланиб қолаётган давлатлардан транзит орқали келаётган шахсларга Ўзбекистонга келиш учун авиабилетлар реализация қилинмайди.
Аввалроқ Республика махсус комиссиясининг 14 июнь куни эълон қилинган қарори билан Ўзбекистондаги кучайтирилган санитария-гигиена назорати 1 августгача амал қилиши, 15 июндан бошлаб эса ўзбекистонликларнинг иш ва ўқиш мақсадида чет элга авиация орқали чиқишига рухсат берилгани маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)