Украина президенти Владимир Зеленский рафиқаси Еленада коронавирус инфекцияси аниқлангани муносабати билан махсус иш режимига ўтмоқда. Бу ҳақда 12 июнь куни Президент офиси матбуот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ Зеленскийнинг рафиқаси Еленада коронавирус аниқланиб, у бошқа оила аъзоларидан ажратилган ҳолда амбулатория шароитида даволанаётгани ҳақида хабар берилганди. Владимир Зеленскийнинг ўзи ва фарзандларида ўтказилган тест натижалари эса салбий чиққан.
«Украина Конституциясида ўзини изоляция қилиш ва карантин ҳолатлари кўзда тутилмаган. Шу сабабли президент иш вақти тўғрисида махсус протокол қабул қилинди. Президент жисмоний мулоқот доирасини чеклайди, мажлисларни онлайн режимга ўтказади. Давлат раҳбари билан шахсий мулоқотни кўзда тутувчи юзма-юз учрашувлар яқин кунлар учун бекор қилинади», — дейилади президент офиси хабарида.
Шунингдек, у оммавий тадбирларда иштирок эта олмайди, Киев ташқарисидаги иш сафарлари бекор қилинади, шахсий мулоқот доираси эса соқчилар ва энг яқин ёрдамчиларгача қисқартирилади.
Давлат раҳбари ҳар куни тиббий кўрикдан ва коронавирусни аниқлаш бўйича тестдан ўтказилади.
«Ушбу протоколдан истиснолар давлат раҳбарининг конституциявий ваколатларига мувофиқ зудлик билан жавоб беришни талаб этадиган фавқулодда ҳолатлар юзага келгандагина мумкин», — дея қўшимча қилинган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Владимир Зеленский халқини қўллаб-қувватлаш учун коронавирус юқтиришга тайёрлигини билдирганди.
Изоҳ (0)