Ўзбекистонда 13 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 36 нафарга кўпайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 26 нафари карантин марказидаги фуқаролар орасидан аниқланган бўлса, 10 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 2 нафари хориждан келиб, қолган 6 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган, 2 нафари эса аҳоли орасида) қайд этилган.

Янги ҳолатлардан сўнг, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 4937 кишига етди. Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусдан даволанишга муваффақ бўлганлар сони 3837 кишини ташкил этмоқда, 1081 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўриляпти. Улардан 14 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ҳозирга қадар бутун мамлакат бўйлаб вирус асоратларидан 19 киши вафот этган.

Аввалроқ Тошкент ва Самарқандда 79 нафар бемор коронавирусдан тузалгани, улар орасида тожикистонлик фуқаролар ҳамборлиги тўғрисида хабар берилганди.