Океаншунос ва NASA’нинг собиқ астронавти Кэтрин Салливан Тинч океанининг Мариана ботиғида жойлашган энг чуқур нуқта — Челленжер чуқурлигига тушган биринчи аёл бўлди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Маълум қилинишича, 68 ёшли Салливан 54 ёшли ишбилармон ва тадқиқотчи Виктор Весково билан бирга шўнғишни амалга оширган. Улар 10 915 метр чуқурликка тушган ва у ерда, тахминан, бир ярим соат давомида қолган.
Мазкур шўнғишдан кейин Салливан ўз таассуротларини Халқаро космик станция астронавтлари билан бўлишган.
Кэтрин Салливан учта космик миссияда иштирок этган ва 1984 йилда очиқ космосга чиққан биринчи америкалик аёл бўлган.
Шу вақтга қадар Челленжер чуқурлигига атиги саккиз киши тушган. Улардан бири 2012 йилда Голливуд режиссёри Жеймс Кэмерон бўлган.
Аввалроқ SpaceX биринчи марта ХКСга астронавтларни учирганди ва парвоз қилган Crew Dragon ХКСга муваффақиятли туташганди.
Изоҳ (0)