2006 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz CLK DTM AMG кабриолети иккита янги Mercedes-AMG GT нархида сотилди, деб хабар беради Motor.
DTM AMG приставкасига эга Mercedes-Benz CLK DTM AMG 2006 йилда чекланган нусхада ишлаб чиқарилган. Юзта нусхадан фақатгина 80 таси Европа бозори учун мўлжалланган. Сотувга қўйилган кабриолет 14 йил давомида 5073 километр йўл босган ва машина ажойиб ҳолатда сақлаб қолинган.
CLK DTM AMG кабриолетлари DTM чемпионатида ғалаба қозониш мақсадида яратилгани сабаб у техник жиҳатдан пойга купесига яқинлаштириб ишланган. Одатдаги CLK’дан махсус версия агрессив аэродинамик тўсиқ, олд ва орқа тарафдан кенгайтирилган ғилдирак изи, Dunlop шиналари билан фарқ қилади.
«Ўқланган» кабриолетга 582 от кучига эга 5,4 литрли V8 компрессор двигатели ўрнатилган бўлиб, у беш поғонали автомат узатмалар қутиси билан бошқарилади.
Таққослаш учун, Mercedes-Benz CLK 63 AMG 482 от кучига эга, CLK 63 AMG Black Edition махсус версиясига эса 507 кучли агрегат ўрнатилган.
CLK DTM AMG кабриолетлари сунъий йўлдош навигациялари, кондиционер, салони чарм, карбон, алюминий ва алькантарадан ишланган.
CLK DTM AMG кабриолет ва купеларининг аксарияти таниқли инсонлар томонидан харид қилинган. Улар орасида Formula-1 собиқ пойгачилари Хуан-Пабло Монтойя, Мика Хаккинен ва Женсон Баттор, шунингдек, Alfa Romeo Racing F1’нинг амалдаги пойгачиси Кими Райкконен ҳам бор.
Изоҳ (0)