Ҳозирги куннинг энг сирли рассоми Бэнкси Instagram’даги саҳифасида қора танли Жорж Флойднинг ўлими муносабати билан АҚШдаги норозилик намойишлари мавзусига бағишланган асарини эълон қилди.
Картинада мотамсаро портрет акс этган бўлиб, унда юзи кўринмаган қора танли инсоннинг сиймосини кўриш мумкин. Портрет атрофига гуллар ва шамлар қўйилган бўлиб, шамлардан бири ёниб турибди.
https://www.instagram.com/p/CBFyA8iM15Y/
Картина изоҳига Бэнкси дастлаб бу мавзуда гапирмай жим туриб, қора танлилар фикрини тингламоқчи бўлганини ёзиб қолдирди.
«Бироқ кейин бу уларнинг эмас, менинг муаммом эканлигини тушундим», — деб ёзади рассом.
«Рангли одамлар тизимдан азият чекади. Оқ тизимдан. Созланмаган трубадек улар пастки қаватдаги инсонлар уйини сувга тўлдиради. Бу зарарли тизим уларни азият чекишга мажбурлайди. Бироқ уни тузатиш уларнинг вазифаси эмас.
Улар тузата олмайди ҳам, уларни ҳеч ким уйига киргизмайди ҳам», — дейди Бэнкси.
Рассом оқ танлилар ушбу муаммони ҳал қилиши кераклиги ҳақида огоҳлантирди.
«Акс ҳолда кимдир юқори қаватга кўтарилиб, эшикни бузиб киришга мажбур бўлади», — деб ёзади Бэнкси.