Пойтахтда коронавирусга чалинган беморларнинг бир йўла 140 нафари 5 июнь куни тузалиб рекорд натижа қайд этилди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати. Таъкидланишича, улар орасида 84 ёшли онахоннинг ҳам шифо топгани янада қувонарли воқеа бўлди.
Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида 83 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 34 нафар, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 22 нафар ҳамда 3-сонли туғруқ мажмуасида 1 нафар, жами 140 нафар бемор соғайган ва реабилитацияга кузатилган.
Пойтахтда шу пайтга қадар тузалганлар 1 234 нафарни ташкил қилган бўлса, эндиликда улар 1 374 нафарга етди. Даволанаётган беморлар 516 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 3 087 кишини ташкил қилаётгани хабар берилганди. Энди эса улар сони 3 227 нафарга етди.
Касалланганларнинг умумий сони эса 5 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, 3 965 кишини ташкил қилмоқда, беморларнинг 16 нафари коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган.
Изоҳ (0)