Баъзида смартфонлар ўзини ғалати тутиши мумкин: ўз-ўзидан ўчиб-ёниши, «оғир» дастурлар юкланмаса ҳам қуввати тез тугаши. «Прайм» нашрининг TelecomDaily ахборот-таҳлил агентлиги раҳбари Денис Кусковга таяниб маълум қилишича, бу каби ҳолатда қурилма бузиб кирилган ва уни учинчи шахс тинглаётган бўлиши мумкин.

Фото: Depositphotos

Кусков ўзганинг телефонини тинглашни қонуний ва ноқонунийга ажратишни таклиф этади. Уларнинг биринчиси билан буни амалга ошириш учун етарлича асосга эга полиция ва бошқа куч тузилмалари шуғулланади. Шунингдек, ўзганинг телефонини ноқонуний равишда тинглашни танишлар ёки фирибгарлар амалга ошириши мумкин — бунинг учун улар полиция тутган йўлдан фойдаланмайди.

Телефон тингланаётганини биринчи навбатда қурилмада пайдо бўлган нотаниш дастур орқали аниқлаш мумкин. Шу сабабли, смартфонга бирор дастурни ўрнатишдан олдин уни яхшилаб текшириш керак.

«Бундан ташқари, телефон қандайдир ўз ҳаёти билан яшаётган бўлса: тегинмасангиз ҳам ўчиб-ёнса, бу смартфонни тинглаш дастури ишга туширилганини билдиради. Телефондан фойдаланмасангиз ҳам, у қизиб кетса (батарея ёки бу турдаги муаммоларга боғлиқ дастурий таъминот сабаб ҳам бўлиши мумкин), муаммо мавжуд, одатда у нормал температурада бўлиши керак», — дейди Кусков.

Шунингдек, аккумуляторнинг ҳаддан ортиқ сарфига фондаги бирор дастур ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Масалан, москваликлар карантиндагиларни кузатишга мўлжалланган «Ижтимоий мониторинг» иловаси жуда кўп қувват сарфига олиб келишидан шикоят қилмоқда. Кўплаб замонавий смартфонлар тизим созламаларидаги иловалар фаоллигини кузатиш имконини беради, шу сабабли «қоидабузар»ни аниқлаш қийинчилик туғдирмайди.

Юқорида келтирилган сабаблар смартфон эгасининг шахсий чегараси бузилганини билдирувчи ягона сабаб эмас. Қурилма «бошқа нуқтадан» тингланаётганини мессенжер ва ижтимоий тармоқ дастурчилари ишлаб чиқарувчиларга реклама учун шахсий маълумотларни тақдим этаётганидан ҳам билса бўлади. Бироқ бу қонуний, чунки барча рўйхатдан ўтиш вақтида «фойдаланувчи битими»ни қабул қилади.