Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги маълум қилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Хабар берилишича, тайинлов Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилган ва маъқулланган.

Сессияда шу пайтга қадар Оҳангарон шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келган Одилжон Жўраев ўз лавозимидан озод этилди.

Тошкент вилоят ҳокими Рустам Холматовнинг тавсиясига асосан, Оҳангарон шаҳри ҳокими лавозимига Акром Эшонқулов тайинланди.

Акром Эшонқулов 1976 йил 16 февралда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида туғилган. У Плеханов номли Россия иқтисодиёт академияси ҳамда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг магистратура босқичини тамомлаган. Мутахассислиги — иқтисодчи.

Шаҳарнинг янги ҳокими меҳнат фаолияти давомида давлат бошқарув тизимида бир қатор вазифаларда ишлаган. Жумладан, у Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот таҳлил гуруҳи раҳбари, Оҳангарон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари — шаҳар ҳокими, Оҳангарон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимларида фаолият олиб борган.

Акром Эшонқулов мазкур лавозимга тайинлангунга қадар Вазирлар Маҳкамасининг Республика бўйсунувидаги шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлимида Олмалиқ шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассис вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида фаолият юритган.