Ўзбекистонда 2 июнь соат 23:00 дан 3 июнь соат 23:00 гача бўлган вақт давомида жами 83 кишида коронавирус аниқланди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги қайд этилган ҳолатларнинг 74 таси карантин муассасаларидаги фуқароларда, 8 таси юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланган. Яна биттаси Тошкент вилоятида аҳоли орасида аниқланган.

Аҳоли орасида коронавирус қайд этилиши бўйича — бу сўнгги кунлардаги энг паст кўрсаткич. Мисол учун, янги касалланиш ҳолатлари аҳоли орасида 28 ва 30 май кунлари 21 тадан бўлганди. 1 июнда аҳоли орасида 15 та, 2 июнда эса 8 та ҳолат қайд этилганди.

Коронавирусдан соғайиш ҳолатлари

3 июнь давомида 106 нафар фуқаро коронавирусдан соғайди. Шундан 43 нафари Тошкент шаҳридаги, 42 нафари Навоий вилоятидаги, 17 нафари Самарқанд вилоятидаги ҳамда 4 нафари Наманган вилоятидаги тиббиёт муассасаларидан соғайиб чиқди.

Навоийда иккинчи кун кетма-кет 42 киши коронавирусдан тузалиб, вилоятда коронавирусдан тузалиш кўрсаткичи 54 фоизга етди.

Маълумот ўрнида, ЖиззахҚашқадарёСирдарёСурхондарёФарғона ва Хоразм вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди. Андижон (3 нафар бемор), Наманган (5 нафар бемор) ва Қорақалпоғистон (6 нафар бемор) ҳам коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турибди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 3843 нафар бемордан 3014 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 78 фоизни ташкил этмоқда.

Ўлим ҳолати ва аҳволи оғир беморлар

3 июнь куни Тошкент шаҳрида 72 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди. Бемор узоқ йиллардан буён юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури ташхиси билан даволаниб келган. 2000 ва 2019 йилларда у икки марта миокард инфарктини ўтказган. У коронавирусдан вафот этган 16-бемор бўлди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 813 нафар бемордан 10 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда. Тошкентда 72 ёшли эркак вафот этишидан олдин — 2 июнь ҳолатига кўра ҳам беморларнинг 10 нафари оғир, 2 нафари ўта оғир аҳволда эди.