Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) ва Япониянинг Digital Knowledge акциядорлик жамиятининг Тошкент шаҳрида Япония рақамли университетини ташкил этиш таклифига розилик берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида эълон қилинди.
Университет фаолиятининг асосий мақсадларидан бири республика иқтисодиёти ва саноат тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитишнинг масофавий шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳисобланади.
Университет Япониянинг нодавлат олий таълим ташкилотидир. Унда асосий бакалавриат таълим йўналишлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш ишлари амалга оширилади.
Ўқитиш тўлов-контракт асосида Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда университет ва ЎзДЖТУ томонидан ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари бўйича япон ва инглиз тилларида кундузги ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилади.
Талабаликка қабул қилиш ва битирувчиларнинг аттестацияси университет томонидан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва ЎзДЖТУ билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.
Ўқишларини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга «Икки томонлама диплом» (double degree) дастурлари асосида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети томонидан «Компьютер лингвистикаси» йўналишида давлат намунасидаги дипломи ҳамда Япония ва Ўзбекистонда тан олинадиган Япониянинг Отемае университети, Токио онлайн университети ва бошқа университетларидан бирининг тегишли йўналишлари бўйича белгиланган намунадаги дипломлари берилади.
Битирувчиларга Ўзбекистон ва Япония қонунчилигига риоя қилган ҳолда хорижий мамлакатларда иш ўринлари таклиф этилади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда Япония рақамли университетини очиш Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 28 декабрь куни имзоланган «Ўзбекистон ва Япония ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилганди.
Ушбу университетни очиш масаласи инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов бошчилигидаги делегациянинг Токиога ташрифи вақтида муҳокама қилинганди.
Digital Knowledge — 1995 йилда очилган бўлиб, электрон таълим соҳасига ихтисослашган технологик компания.
Изоҳ (0)