Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 1 июнь куни Қирғизистон бош вазири биринчи ўринбосари (бош вазир вазифасини вақтинча бажарувчи) Кубатбек Бўронов билан учрашади. Бу ҳақда «Кактус» хабар бермоқда.

Фото: «Sof.uz»

Хабар беришларича, Қирғизистон бош вазири биринчи ўринбосари Боткен вилояти Қадамжой туманига келган. У Ўзбекистон ҳукумати раҳбари билан чегара зонасида икки қишлоқ аҳолиси ўртасида 31 май куни юз берган зиддиятни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Қирғизистон ҳукумати маълумотларига кўра, 1 июнь ҳолатига кўра чегара зонасидаги вазият тартибга келтирилган. Расмийлар хавфсизлик чораларини кучайтирган. Тегишли органлар маҳаллий аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Воқеа 31 май куни юз берган эди. Дастлабки тахминларга кўра, можаро Қирғизистоннинг Чечме қишлоғидаги, Ўзбекистон томони ҳам фойдаланадиган булоқ сабаб чиққан. Ҳодиса жойидан олинган видеоларда одамлар бир-бири томон тош отаётганини кўриш мумкин.