UFC президенти Дэйна Уайт сўнгги вақтларда бир нечта чақирув олган Конор Макгрегор борасида фикр билдирди.

Фото: UFC

«Биз Конор билан жанглар ҳақида ҳали гаплашмадик. Ҳозир у уйида ўтирибди ва барча вазн тоифаларидан кунига чорлов қабул қилмоқда. Кейингиси ким бўлади? Даниэль Кормье чорлов ташлашини кутяпман. Конор эса уларнинг ҳар бирига жавоб беришни ўзининг бурчи деб билади.

Ўйлашимча, Конор бир жойга ўтириб, енгил вазн тоифасидаги жангларни кузатиши керак. Шубҳасиз, енгил вазн дивизиони унинг учун муҳим ҳисобланади. Кўрамиз, ҳаммаси нима билан тугар экан», — дейди Уайт.

Аввалроқ Макгрегор боксчи Оскар де ла Ҳоя, шунингдек, UFC ярим ўрта вазн вакиллари Камару Усмон ва Андерсон Силвадан чорлов қабул қилган ҳамда улар билан жанг қилишга тайёр эканини айтганди.

Конор сўнгги жангини ярим ўрта вазн тоифаси вакили Дональд Серронега қарши ўтказиб, уни 40 сония ичида нокаутга учратганди. Ирландиялик спортчи енгил ва ярим енгил вазн тоифаси собиқ чемпиони ҳисобланади.