Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе футболчилик фаолияти давомида Европанинг «Трабзонспор», «Аякс», «Рейнжерс», АЗ ва «Леванте» каби клубларда тўп суриб, умумий ҳисобда 265 бор рақиблар дарвозасига йўл топган. У ушбу натижаси билан Собиқ Иттифоқ мамлакатлари футболчилари орасида халқаро майдонда энг кўп гол урган ўйинчига айланади.
Футболчилик фаолиятини якунлагач, Арвеладзе мураббийликни бошлайди. У дастлаб Нидерландиянинг АЗ клубида Луи ван Галга ёрдамчи бўлади, кейинроқ Киевда Про лицензиясини олади (ўша вақтларда Грузияда бундай курслар бўлмаган, нидерланд ва турк тилида ёзиш эса қийин эди) ва мустақил ишлашни бошлайди. Етти йил давомида Шотанинг резюмесида «Кайсериспор», «Қосимпошо», «Трабзонспор» ва Тель-Авивнинг «Маккаби» жамоалари пайдо бўлади. 2017 йилда эса уларга «Пахтакор» ҳам қўшилди. Арвеладзе Ўзбекистонга пойтахт клубини Осиё футболининг етакчилари сафига қўшиш учун келди.
Россиянинг «Sports.ru. нашри» Шота Арвеладзе билан интервью уюштирди, «Дарё» интервьюни ўзбек тилида тақдим этади.
— Мураббий бўлиш ҳақида қачон ўйлай бошлагансиз?
Болалигимдан бери майдонда энг фаоллардан бўлганман, мураббийлар билан баҳслашардим, футболчиларга бақирардим, умуман олганда, бошқалардан кўра кўпроқ нарсани биламан деб ўйлардим. Албатта, ҳазил. Ўттиз ёшдан ошгач, мураббийлик фаолияти ҳақида ўйлай бошладим. Луи ван Гал билан АЗда учрашишдан олдин кўплаб яхши мураббийлар билан ишлагандим, аммо у бутунлай бошқача эди. У Кройфф каби футболга фалсафий жиҳатдан қарайди. Ван Гал футболчиларга ўзларининг кучли томонларини очиб бериш учун бир қарашда ажабланарли бўлган саволларни берарди.
— Ван Галнинг қайси саволлари сизни ҳайратлантирган?
У менга аввал ҳеч ким ва ҳеч қачон бермаган саволни берди: қайси томондан келган тўпни бош билан яхшироқ урасан? У менинг қайси оёғим таянч вазифасини бажариши ва қайси оёғим билан яхшироқ сакрашимни назарда тутганди. Шунга асосланиб, у футболчиларни стандарт вазиятлар бўйича жойлаштирарди. Бу каби кичик деталлар кўп эди. Футболчи сифатида мен унинг фикрларини ҳеч қачон ўқий олмаганман. Фақатгина унинг ёрдамчиси бўлиб ишлаганимдан сўнг муайян вазиятда ундан нима кутиш кераклигини тушуна бошлаганман.
— Ван Гал яна нимаси билан ёдда қолган?
Биз яхши ўйнаяпмиз деб ўйлаганимизда, танаффус вақтида у бунинг тескарисини айтарди. Ва аксинча, ёмон ўйнасак ҳам. Шу пайтгача танаффус вақтида нималарни тўғирлаш кераклигини хотиржам тушунтирадиган бирорта мураббийни кўрмаганман. Аксарият мураббийлар одатда футболчиларни виждонсизга чиқариб, берилаётган пулларни оқламасликда айблаб бақиради. Агар кимдир сизга мунтазам бақириб турса, бу тез орада одатий ҳолга айланиб қолади ва ҳеч қандай наф бермайди. Агар ютқазсак, ван Гал ўйиндан кейинги муҳокамани ўтказмасди – жангдан сўнг мушт кўтармайдилар!
— «Трабзонспор»да афсона эдингиз. Клубга мураббий сифатида қайтиш қандай бўлди?
Барчамиз ҳам бизни севадиган жойда бўлишни хоҳлаймиз. Трабзонда мени, акам Арчил ва оиламни жуда яхши кўришади. Бир томондан, бу инсонга ўзгача мотивация бағишласа, бошқа тарафдан, катта масъулият юклайди. Мухлисларга эса натижа керак. Ўша пайтда клуб катта молиявий муаммоларга дуч келганди: футболчилар олдидаги қарзлар 800 минг долларга етганди. Афсуски, бирор натижа кўрсатишнинг иложи бўлмади. Хайриятки, яхши натижа кўрсатмаган бўлсам ҳам, жамоа мухлислари хайрлашиш учун аэропортгача чиқди. Ҳатто улар ҳозиргача ҳам, етарли даражада қўллаб-қувватламаганликлари учун узр сўрайди.
— Ҳозир «Пахтакор» бош мураббийисиз. Бу қандай рўй берди?
Алишер Усмонов орқали клуб хўжайини Бобур Шодиев билан танишганман. Тошкентга бордим, ҳаммасини ўз кўзим билан кўрдим. У ерда футбол ривожи учун барча шароит борлигини кўрдим. Кейинчалик яна бир неча бор учрашдик ва якунда у мени шартномани имзолашга кўндирди.
— Бу сиз ортга ташланган қадам эмасми?
Бу мен учун ортга қадам бўлганми? Мотивацияни йўқотган пайтинг бу ортга қадам бўлади. Агар мураббий ишлашни хоҳласа, бунинг нимаси ёмон? Асосийси — ўз даражангни кўтариш, олдинга интилиш. Мен шундай тўп сурганман, энди шу тарзда ишлаяпман. «Пахтакор»да эканлигим мотивациямга ҳеч қандай таъсир ўтказмади. Қачондир «Барселона» ёки «Реал»ни бошқарадиган бўлсам ҳам, худди ҳозиргидек мотивацияга эга бўламан.
— Қишда клубга Эрен Дердийок келди. Буни қай тариқа амалга оширдингиз?
Эрен билан яхши таниш бўлишимга қарамасдан уни кўндириш қийин бўлди. Биринчи навбатда у оиласи ҳақида қайғурди. Туркияда сўнгги вақтларда деярли ўйнамаётган эди. Бундай шароитда қарор қабул қилишинг керак: сен ёки футболчисан ёки шунчаки пул топадиган бизнесмен. У терма жамоага қайтмоқчи, Европа чемпионатларида ўйнашни истайди. Ўйлашимча, у «Пахтакор»га ўтиб тўғри қилди: Осиё Чемпионлар Лигаси ва яхши шароит.
— Дердийок йилига 1,5 миллион евро олар экан. Адебайор кўпроқ сўраганлиги сабаб трансфери амалга ошмадими?
Адебайор йилига 1,5 миллион евро маош сўради. Дердийокники ундан бир неча баробар кам. Адебайор билан декабрда Лондонда учрашдик. Уни Тошкентга келиш ва барчасини ўз кўзи билан кўришга кўндирдик. Ахир фақат молиявий томон эмас, бошқа жиҳатлар муҳим: яшаш, машғулот ва ўйин ўтказадиган жой. Бироқ охир-оқибат келишув ўхшамади — у узоқ парвозларни ёқтирмайди, ҳатто бироз қўрқади ҳам.
— «Пахтакор» ўз олдига қандай мақсадларни қўйган?
Осиё Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлишни ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этишни ҳамда ўзбек футболчиларини Европа клубларига сотишни хоҳлаймиз. Буларнинг барчаси учун жамоанинг пойдевори мустаҳкам бўлиши керак, биз ҳам ана шундай халқаро клуб қуриш устида ишлаяпмиз. Мен билан Ўзбекистон, Туркия, Грузия, ва нидерландиялик мураббийлари ишлайди. Биргаликда биз ўз ўйин фалсафамизни яратмоқчимиз.
— Уч йил давомида клуб бронза, кумуш ва ўтган йили 20 очколик фарқ билан ғолибликни қўлга киритди. Нега жамоа ҳали ҳам ўз чўққисига чиқмади?
Албатта, кимдир жамоани тарк этиши керакми? Буни исталган пайтда қилиш мумкин. Ҳа, биз кўплаб совринларни ютдик, лекин ҳакам ҳуштагидан кейин барчаси тарихга айланади. Клубнинг пойдевори энди шаклланмоқда: янги стадион, база ва академия қурилмоқда. Биз дунёнинг кўплаб топ-клублари билан ишлайдиган Бельгиянинг Double Pass компанияси билан шартнома имзоладик. Биз уларга клубнинг ўсишига ёрдам бериши учун яхшигина пул тўлаяпмиз.
— Сиз ўзбек футболчиларини орзу қилишни билмайди дегандингиз?
Нега энди улар топ-клубларда ўйнашни орзу қилмайди? Орзу қилмаган одам ҳеч нарсага эришмайди. Агар Грузияда болаларни тўхтатиб, улардан қаерда ўйнашни хоҳлайсан деб сўралса, улар Европанинг топ-клубини айтади. Ўзбекистонда ҳам, худди шундай саволни бериб кўринг – араб давлатлари ва Осиё клублари ҳақида эшитасиз, холос. Ўзбекистонда 35 миллион киши истиқомат қилади. Бироқ Европанинг топ-клубларида бирорта ҳам ўйинчи йўқ, лекин улар у ерда бемалол ўйнаши мумкин. Сўнгги уч йил ичида ёндашув ўзгарди, футбол даражаси ўсди, кўплаб иқтидорли футболчилар етишиб чиқди. Россия чемпионатининг энг яхши ҳужумчиси ўзбек (Элдор Шомуродов назарда тутилмоқда — «Дарё») эканлиги ҳам бунга мисол бўла олади.
— Сизнинг орзуйингиз қандай?
Яқиндагина янги йил олдидан... Жин урсин, ҳозир май мен эса яқинда деяпман. Ҳаёт биздан икки ойни ўғирлади ва қачондир буни қайтариши керак бўлади.
Футболчи сифатида орзуларим ушалди – Тбилисининг «Динамо»сида, Грузия терма жамоасида ва Европада тўп суриш. Голлар, рекордлар... Мураббий сифатида ҳали ниманидир орзу қилганимча йўқ. Айнан ҳозир бунинг учун вақт бор, бу устида ишлаяпман.
— «Зенит» билан ўйинни эслаб турасизми?
Буни унутиш қийин. Биз 3:0 ҳисобида олдинда бораётгандик ва йигирма дақиқа ичида 4 та гол ўтказиб юбордик. «Маккаби» Европа Лигасининг гуруҳ босқичида атиги уч марта ўйнаган, шулардан бири менинг қўл остимда бўлган. Яхши ўйин кўрсатганимизга қарамай, натижа мени жудаям ранжитди. Кўп кунлик машаққатли меҳнатлардан сўнг ўйинни бой бериш аламли эди.
Ўйиндан кейин менга футболчилар унчалик ҳам хафа эмасдек туюлди. Ҳамма «Зенит» бизни осонликча мағлуб этади деб ўйларди, аммо ҳисоб жуда ҳам ёмон эмасди. Мен кийиниш хонасига кирганимда, ҳамманинг қўлида телефон эди: Instagram, фотосуратлар. Эртаси куни футболчиларга бу ҳақда ўйлаётганимни айтдим, бироқ уларга бунинг қизиғи йўқ эди.
Учрашувдан кейин Луческу фаолиятида ҳеч қачон бундай бўлмаганини айтганди. Менда ҳам шундай бўлган. Эсимда, Трабзонда биринчи бўлимдан кейин «Фенербаҳче»га тўртта гол урдик, учрашув эса 4:3 ҳисобида якунланганди. Учрашувдан сўнг трибуналар топ-тоза эди: барча ахлатлар биз томонга улоқтирилганди. Гарчи, ғалаба қозонган бўлсак-да, мухлисларга иккинчи бўлимдаги ўйинимиз ёқмаган.
— 2010 йилда Дик Адвокат сизни Россия терма жамоасига ёрдамчи сифатида таклиф қилганди. Сиз ўшанда: «Бундай қила олмайман, мамлакатларимиз бир-бирига жуда кўп озор берган», дегандингиз. Яна таклиф қилишса, энди рози бўласизми?
Ҳозир ҳам йўқ дейман. Ҳозирча ҳеч ким бизнинг ерларимизни қайтариб бергани юқ. 2008 йилда оилам Тбилисида, болаларим эса Батумида эди. Қай даражада қўрқинчли бўлгани ҳамон ёдимда. Буни унутиш қийин. Клуб ва терма жамоада ишлаш бир-биридан кескин фарқ қилади. Мен сизнинг маданиятингиз ва мамлакатингизга бўлган ҳиссиётларимни сиёсатга аралаштиришни хоҳламайман, аммо бу ҳар доим тўғри танлов қилишимга халақит беради. Ҳатто 2018 йилги Жаҳон Чемпионатига ҳам кела олмадим. Сизларга Грузияга виза керак эмасдир, лекин бизга Россия визаси керак. Бир қанча ҳужжатларни тўплашим, элчихоналарга қатнашим керак эди, бунинг учун кўп вақт кетарди. 2002 йилдан бери Москвада бўлмаганман. Фақатгина февраль ойида у ерда бўлдим: «Спартак» билан ўртоқлик учрашувини ўтказдик. Ҳаммаси ажойиб эди, Москва ҳам, об-ҳаво ҳам. Фақат мағлуб бўлганимиз ранжитди. Ўн саккиз йилдан кейин қайтиш ва бу ерда туғилган кунни нишонлаш ёқимли бўлди.
— Мураббийлик фаолиятингизда Россиядан нечта таклиф олгансиз?
2016 йилда «Краснодар» раҳбарияти билан учрашдим. Биз суҳбатлашдик, бори шу. Улар бир нечта номзодларни кўриб чиқаётган экан, охирида эса бошқа бировнинг фойдасига танлов қилинди. «Кубан» ва «Рубин» клубларидан ҳам қизиқиш бўлган. Аммо ўшанда мен Туркияда ишлаётгандим ва клубни шунчаки, ташлаб кетолмаслигимни айтганман.
— Грузия терма жамоасига тез-тез чақиришадими?
—Бир нечта таклифлар бўлган, аммо уларни рад этганман. Биринчи марта фаолиятимни якунлаганимда. Мен буни жудаям хоҳлагандим, лекин мураббийлик борасида тажрибам йўқ эди. Ван Галга ёрдамчи бўлдим ва ундан кўп нарсаларни ўргандим. Терма жамоада эса кўплаб дўстларим ўйнайди. Бундай шароитда мураббий бўлиш жуда мушкул. Биринчи дақиқалардан бошлаб ўзингиз ҳаётингиз давомида қилган ишларни тақиқлашингиз керак. Масалан, кечгача қарта ўйнашни. Ҳамма мураббийлар буни тақиқлайди, аммо биз барибир ўйнайверардик.
Иккинчи марта терма жамоа мураббийи Схададзе федерация билан янги шартнома борасида келиша олмагач, менга унинг ўрнини эгаллаш таклиф қилинди. Лекин мен бу хунук иш бўлади деб ўйладим. Якунда ҳаммаси яхши бўлди, терма бошқарувига Вайсс келди ва кўплаб ўйинларда ғалабага эришди. Умид қиламанки, у Грузияни Европа чемпионатига олиб чиқади.
— Сиз бир вақтлар Грузия бош вазири бўлиш, Грузия терма жамоасини бошқаришдан осонроқ дегандингиз.
Албатта. Учраган ҳар бир киши сизга иқтисодиёт ислоҳотлар ҳақида гапирмайди, футболни эса ҳамма сиздан яхши тушунади. Агар футболчи гол уролмаса, мураббий айбдор. Менда нима айб? Мен пас оширмаган, тўпни тепмаган бўлсам. Мен ҳатто майдонга ҳам тушмайман, захира ўриндиғида ўтираман.
— Сизда сиёсий амбициялар борми?
Менда ҳеч қандай сиёсий амбициялар йўқ. Лекин Грузия фуқаросининг амбициялари бор: биринчи навбатда қонун устувор бўлган, одамлар яхши яшайдиган, бир-бирларини ҳурмат қиладиган, ўғирлик ва қотилликлардан холи ҳамда сайёҳлар учун хавфсиз бўлган демократик мамлакатда яшаш. Россия, Озарбайжон, Арманистон ва Туркия билан яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйиш. Бундай мамлакатни невараларимизга қараганда олдинроқ кўришни хоҳлаган бўлардим. Бунинг нимаси қийин? Грузия аҳолиси 4 миллиондан камроқ. Яшаш учун ажойиб шароитлар яратиш мумкин бўлган давлатда, сиёсатчиларнинг инсонлар ҳаётига бефарқ экани мени ғазаблантиради.
— Дўстингиз Каха Каладзе (собиқ футболчи, Тбилиси шаҳри мери, сиёсатчи) сиз айтган нарсаларни қила оладими?
У – жуда истеъдодли, харизматик ва обрўли инсон. У кўп нарсаларга эришди ва Грузиянинг энг яхши сиёсатчиларидан бири бўлди. У футболчилигида ҳам тиришқоқ ва интизомли эди. Спортчилар ҳаётда ҳеч нарсага эриша олмайди деган гаплар қабул қилинган, аммо мен бунга қўшилмайман.
Албатта, ёлғиз ўзи эплай олмайди. «Атиргул инқилоби»дан кейин кўп нарсалар ўзгарди. Янги ҳукумат ислоҳотларни амалга оширганда, бутун мамлакат уларга ёрдам берди. Кўплаб бинолар қурилди, Европанинг исталган жойидан ҳеч қандай қийинчиликларсиз, визасиз мамлакатга кириш мумкин. Натижада ҳар йили Грузияга тўққиз миллиондан ошиқ сайёҳ ташриф буюрмоқда. Майя Панжикидзе (2012–2014 йилларда Грузия ташқи ишлар вазири – таҳр.) Европа Иттифоқи билан визасиз режим тўғрисида шартнома имзолаган. Беш йил олдин Грузияга банан республикаси сифатида қараларди, ҳозир эса биз деярли барча Европа мамлакатларининг чегараларини осонгина кесиб ўтишимиз мумкин.
— Грузияга тез-тез бориб турасизми?
Камдан кам. Асосан ишда бўламан. Агар қисқа таътилга чиқсам, тўғри Истанбулга оиламни кўришга бораман. Мен Туркияда ишлаётганимда, болалар ўша ерда мактабга боришганди. Ўша пайтда Тбилисида хорижий мактаблар йўқ эди. Мен уларни ортиқча овора қилишни хоҳламадим. Шундай қилиб Истанбулда бироз қолиб кетдик. Янги йил ва ёзни Тбилисида ўтказишга ҳаракат қиламиз.
— Истанбулда коронавирус билан боғлиқ вазият қандай?
Сўнгги вақтларда барчаси яхши томонга ўзгармоқда, беморларнинг сони камайиб, соғаяётганлар кўпаймоқда. Агар ҳаммаси шу тарзда давом этса, май ойининг охирига бориб, барчаси ўз изига тушиши мумкин. Чекловларга қарамай, одамлар кўчаларда юрибди.
— Карантинни қандай ўтказяпсиз?
Очиғи, ақлдан озай деяпман. Турли жанрдаги кўплаб сериалларни кўриб чиқдим. Бундан ташқари, мутолаа қиляпман, ўғлим билан футбол, теннис ўйнаяпман. Кунига 400 та пресс қиляпман, лекин ҳеч нарса ўзгармаяпти. Қорин қўйиб юбормаслик учун нечта қилиш керак ўзи?
– Овқатланишга алоҳида эътибор бериш керак дейишади.
Ҳозир бунга ким ҳам эътибор беряпти. Бир ярим ойдан бери уйда ўтирибмиз. Уйдаги ҳар қандай ҳаракат ошхона орқали ўтади, у ерда эса егулик бор.
– Сизга тез-тез рекламада суратга тушишни таклиф қилишадими?
Бекҳемга бўлгани каби кўп эмас. Нидерландияда бир, Грузияда икки, Туркияда уч марта тушганман.
– Таклифларни рад ҳам қилганмисиз?
Кўпинча рад этаман, агар бирор рекламада суратга тушсам, кейинроқ уларнинг рақобатчисидан шундай таклиф бўлади. Мен шунчаки, ҳаммасига тупуриб, уларнинг пулини ололмайман. Гап принципда.
– Иван Ургант буни ўқигандан кейин кулиб юборган бўларди.
Ваня – ажойиб инсон, унга мумкин. Унинг касби меникидан фарқ қилади. У биринчи навбатда санъаткор ва у учун бу шунчаки рол: аввал жиноятчини ўйнайди, кейин эса милиционерни. Агар у Америкада Apple ҳомийлигида концерт берса ва унга Samsung ҳам ҳомийлик қилиш таклифини берса, қандай қилиб буни рад этиш мумкин.
– Амакингиз – Вахтанг Кикабидзенинг (машҳур актёр ва қўшиқчи, ўзбек томошабинлари уни «Мимино» фильмидаги Мизандари образи орқали яхши танийди) ишлари қандай?
Ҳаммаси жойида. У олти йилдан бери диализда (буйракнинг маълум функцияларни бажаришдан тўхташи) бўлишига қарамай, барибир концерт беришда давом этмоқда. У Тошкентда концерт берганида, кўзимга ёш келди ва икки карра ғурурлангандим – унинг амаким ва ватандошим эканлигидан.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!»
Изоҳ (0)