Twitter илк бор Трампнинг хабарини ўқувчиларга унинг ишончли эмаслигини, қайта текшириш талаб этилишини билдирувчи махсус белги билан ажратди. Президент бу ҳолатни танқид қилди ва ижтимоий тармоқни президентлик сайловларига аралашганликда айблади.
Трамп твитида коронавирус пандемияси туфайли Калифорния расмийлари томонидан жорий этилаётган почта орқали сайловда овоз бериш имкониятига муносабат билдирган бўлиб, унинг фикрича, бундай сайлов натижаларини осонликча сохталаштириш мумкин. «Почта қутилари ўғирланади, сайлов бюллетенлари қалбакилаштирилади ва ҳатто ноқонуний равишда босиб чиқарилиб, қалбаки имзо қўйилади», — деб ёзган Трамп.
Twitter вакили Трампнинг твити «овоз бериш жараёни ҳақида аглашилмовчилик келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар борлиги, сайлов бюллетени ҳақида қўшимча маълумотлар олиш имкони бўлиши учун белги қўйилганини» билдирган.
Фойдаланувчи президент твитини кўрганида унга қўшимча равишда «Почта орқали сайловларда овоз бериш бюллетенлари ҳақидаги фактларга эга бўлинг» деган ёзув ҳам кўринади. Унда президентнинг гапларини рад этувчи айрим твитлар ва мақолаларга ҳавола очилади.
Бунга жавобан Трамп Twitter сўз эркинлигини «бўғаётгани» ва у президент сифатида бунга йўл қўймаслигини таъкидлади.
АҚШда почта орқали сайловлар аввал ҳам ўтказилган. The New York Times’нинг ёзишича, изланишларга кўра сайловларда фирибгарлик жуда кам учрайди.
Калифорния АҚШнинг аҳоли сонига кўра йирик штатидир. Унда қарийб 40 миллион киши истиқомат қилади.
АҚШ президентлик сайлови 2020 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтади. Дональд Трампга рақиб сифатида АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден бўлиши тахмин қилинмоқда.
Мавзуга доир: Жо Байден ниқоб тақмаётган Трампни аҳмоқ деб атади
Изоҳ (0)