Бразилия коронавирус билан касалланганлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринга чиқиб олди. Бу ҳақда касаллик тарқалишини реал вақтда кузатаётган Жонс Ҳопкинс университети маълумотларида келтирилган.

Фото: AFP

Маълумотларга кўра, Бразилияда COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 330 890 кишига етган. Шундай қилиб, мамлакат коронавирус билан касалланганлар сони бўйича бунга қадар иккинчи ўринда келаётган Россиядан (326 448 бемор) ўзиб кетди.

Бразилия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган бир сутка ичида яна 20 803 кишида коронавирус аниқланган. Бу мамлакатда пандемия бошланганидан буён кузатилган рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Шунингдек, бир сутка давомида 1001 бемор вафот этган. Бутун мамлакат бўйлаб коронавирус қурбонлари сони 21 048 кишига етган.

19 май куни Бразилия коронавирус билан касалланганлар сони бўйича Британиядан ўзиб кетиб, дунёда 3-ўринга чиқиб олганди.

Аввалроқ эса Бразилияда коронавирус билан касалланиш бўйича рекорд даражадаги ўсиш кузатилгани ҳақида хабар берилганди. Шу билан бирга, Россия президенти Владимир Путин мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашганини, бироқ ўлим кўрсаткичи ошиши мумкинлигини маълум қилган.