Сизни табиат гўзаллик билан сийлаганига қарамай ушбу гўзалликни сақлаб қолиш ўз қўлингизда.

Фото: The Kushion

Макияж билан ухлаш

Тери соғломлиги ва гўзаллиги учун уйқунинг аҳамияти катта. Тунда ҳужайралар янгиланиш ва қайта тикланиш хусусиятига эга. Бунинг учун эса тери тоза бўлиши ва нафас олиши керак. Уйқудан аввал ювилмаган ва тозаланмаган макияж тери тешикчаларининг ёпилишига сабабчи бўлиб, юзда қизариш ва ҳуснбузарлар пайдо бўлади. Шундай экан чиройли кўриниш учун фақатгина истеъмол маҳсулотлари ва гўзаллик муолажаларига эмас, балки юзингизни макияждан тозалаб, кейин ухлашга ҳам эътибор беринг.

SPF воситаларидан фойдаланиш

Аксари аёл ва қизлар қуёшнинг ультрабинафша нурларидан сақланиш мақсадида SPF воситаларидан фойдаланади. Аслида, SPF кремларни 25 ёшдан кейин, юзда биринчи ажин пайдо бўлганидан сўнг ишлатиш керак. Шунингдек, бундай воситалар 2 соатлик таъсир кучига эга бўлишини ҳам унутмаслик лозим. Қуёшдан ҳимояловчи кремларни эрталаб, иш ёки ўқишга кетишдан аввал суртишингизга ишончимиз комил. Қуёш нурлари тушлик вақтида авжига чиққан, сиз уйдан чиқишдан аввал суртган крем бўлса, бу вақтга келиб таъсир кучини йўқотган бўлади. Шунинг учун мутахассислар бундай кремларни бир кунда бир мартадан кўп, нафақат ёзда, балки куз ва баҳор фаслларида ҳам фойдаланишни тавсия қилади.

Терига эътиборсиз бўлиш

Ёш ўтганидан кейин терининг аввалгидек таранг бўлмаслиги ўлик ҳужайралар билан боғлиқ. Гап шундаки, тери қаришни бошлаганидан кейин ундаги ўлик ҳужайралар юзага чиқа бошлайди ва намлантириш, парваришлаш каби муолажалар таъсир қилмаслиги ёки фойдаси бўлмаслиги мумкин. Таъсир қилишига тери юзасидаги ўлик ҳужайралар тўсқинлик қилади. Ўлик тери ҳужайра ва уларнинг қолдиқларини олиб ташлаш жараёни эксфолиация деб аталади. Буни ўзбошимчалик билан амалга ошириш ярамайди, шифокор-дерматолог ва косметолог тавсияларига асосан олиб бориш керак.

Етарли бўлмаган уйқу

Уйқусизлик ҳисобига сиз эртанги кун учун лоҳаслик ва сусайган иммунитетни орттириб оласиз. Терининг эрта қариши сабабларидан бири чарчоқ ва дам олмаслик экани, олимлар томонидан аллақачон исботланган. Аёл ва қизларнинг териси кун давомида ултрабинафша нурлар, шамол, атмосферанинг чиқинди газларидан азият чеккани етмагандек, кунлик макияж ҳисобига ҳам нафас ололмайди. Шунинг учун ҳеч бўлмаганда, кечаси чарчоқ чиқариши, нафас олишига қўйиб бериш керак.

Макияж учун тозаланмаган чўткадан фойдаланиш

Ювилмаган ва тозаланмаган чўткаларни қайта-қайта ишлатиб, юзингизга турли бактериялар киришига шароит яратиб берасиз. Оқибатда юзни вақтида тозалаб, намлантириб юрганингиз ҳам самарасиз бўлиб қолади. Шу сабабдан ҳафтада бир марта чўткаларни тозалаб туриш тавсия қилинади.

Ширинликка ружу қўйиш

Ширинликлар терининг ёш кўринишини таъминловчи коллаген ва эластиннинг энг асосий душманларидан бири ҳисобланди. Ажин, ҳуснбузар ва турли доғлар пайдо бўлишида эса шоколаднинг хизмати катта. Шоколадни таомномадан чиқариб ташлаш осон бўлмаслигини инобатга олган ҳолда саломатлик ва гўзаллигингиз учун ҳафтада бир марта истеъмол қилишни тавсия қиламиз.