Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида яшаш уйи ҳовлисида кўкнор гиёҳвандлик ўсимлиги етиштириб келаётган отахонга жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Қайд этилишича, 19 май куни соат 11:20 да Жомбой туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган «Қорадори—2020» тадбири давомида 96 ёшли Ғ.Т.нинг яшаш уйи ҳовлисидаги томорқаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, томорқасида экилган жами 122 туп кўкнор гиёҳвандлик ўсимлигини етиштириб келаётганлиги аниқланган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Холислар иштирокида ушбу 122 туп ўсимлик ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (тақиқланган экинларни етиштириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Шу йилнинг апрель ойида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида 467 туп кўкнор етиштирган 73 ёшли отахонга жиноят иши қўзғатилганди. 17 май куни эса Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида ҳовлисида кўкнор етиштирган отахонга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур жиноят иши билан айбланган шахснинг айби исботланса, фуқаро базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.