Сухондарёнинг Шеробод туманида қариндош-уруғлари ва қўни-қўшниларни йиғиб, таровеҳ намози ва ифторлик маросимини ўтказган фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлган ИИБ ходимлари ҳужумга учради. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 14 май куни Шеробод туманидаги маҳаллалардан бирида яшовчи фуқаро карантин қоидалари ва «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорга зид равишда уйида таровеҳ намози ҳамда ифторлик маросимини ўтказаётганда туман ИИБ вакиллари маҳалла фаоллари билан кириб борган.
Уй эгаси карантин қоидаларини қўпол равишда бузганлиги сабаб унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилаётганида унинг 53 ва 38 ёшли фарзандлари, шунингдек, уч нафар набираси ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсата бошлаган. Улар туман ИИБ ХПБ профилактика инспектори ва маҳалла раисининг дуч келган жойига уриб жароҳат етказган, қўлларида бўлган темир жисмлар билан инспекторга тегишли Tico автомобилининг олд ойналарини уриб синдирган.
Ушбу ҳолат бўйича воқеа жойига етиб борган туман ИИБ тезкор тергов гуруҳи ходимларига ҳам фаол қаршилик кўрсатишиб, ИИБ ходимларига тан жароҳати етказишган, навбатчилик қисмининг Damas русумли автомашинасининг ойналарини уриб синдирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 15 май куни туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми («Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш») билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир: «Ҳайит намози қай тарзда ўқилиши борасида расман хабар берилади». Усмонхон Алимов интернетда тарқалган миш-мишлар ҳақида
Изоҳ (0)