Тошкентда 31 ёшли Р.Р. исмли йигитни ўлдириб, унинг жасадини бўлакларга ажратиб ташлаган ва ижарага олинган ҳовлига кўмиб юборганликда гумон қилинган шахс ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамситдинов «Дарё»га маълум қилди.

1990 йилда туғилган, Юнусобод туманида истиқомат қилувчи, муқаддам судланган Ж.А. фуқаро Р.Р.дан сотиб олиш шарти билан автомобиль ижарага олган. У Р.Р.нинг пулдорлигини билиб, 29 ёшли М.М. ва С.А. (аёл) билан тил бириктириб, унинг пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишга қарор қилади.

Фуқаро Р.Р. 7 май куни Lacetti’да уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Маълум бўлишича, шу куни М.М. Telegram’да Р.Р. билан аёл киши сифатида танишиб, уни С.А. (аёл)нинг уйига таклиф қилган. Р.Р. соат тахминан 14:00 да С.А.нинг уйига келганида, Ж.А. ва М.М. унга ҳужум қилиб, дўппослаб, қўл-оёқларни боғлаб, ёнидаги 400 доллар ва 1 миллион сўм пулини олган.

Аммо жиноий гуруҳ бундан қаноатланмай, ундан яна пул талаб қилган. Шундан сўнг улар Р.Р. Telegram’и орқали унинг отаси билан (Р.Р.нинг номидан) мулоқот қилиб, дўстидан 29 минг долларни олиб, айтилган манзилга олиб келишни сўрайди. Жиноий гуруҳ 7 май куни соат тахминан 21:45 да пулни Р.Р.нинг дўстидан пулни қабул қилиб олади.

Шундан сўнг Ж.А. жиноий ҳаракатини яшириш мақсадида 8 майга ўтар кечаси Яшнобод туманидан икки кун аввал ижарага олган ҳовлисига Р.Р.ни унинг Lacetti’си юкхонасида олиб боради. Ҳовлида Р.Р.ни бита билан қасддан уриб ўлдириб, мурдасини бўлакларга ажратиб, аввалдан қазиб қўйилган чуқурга кўмиб юборади.

Ушбу ҳолат бўйича дастлаб 11 май куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 1-қисми (одам ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Кейинчалик иш Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и» банди (таъмагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш) ва 164-моддаси 3-қисми «г» банди (баданга оғир шикаст етказган ҳолда содир этилган босқинчилик) билан қайта малакаланган.

«Ҳозирда гумонланувчи қўлга олинган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дея маълум қилди Бош прокуратура вакили.