Ўзбекистонда яшаётган турк жамоатчилиги вакиллари Сардоба фалокати сабабли қийин вазиятда қолган сирдарёликлар учун хайрия акцияси ўтказиб, 686,5 миллион сўм ва 10,3 минг доллар маблағ йиғди. Бу ҳақда Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот маслаҳатчиси Довуд Гази Бенлига таяниб, «Kun.uz» хабар берди.
Довуд Гази Бенли берган маълумотга кўра, йиғилган маблағ Ўзбекистон ҳукумати томонидан Сардоба учун очилган расмий ҳисобга ўтказилган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистондаги турклар ва турк тадбиркорлари, Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлар уюшмаси (UТID) ва Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида «Туркиядан саломлар! Сардоба, биз биргамиз!» номли жамғарма фалокатнинг дастлабки куниданоқ ташкил қилинган.
«Акция давом этмоқда ва келгусида йиғиладиган моддий ёрдам такрор эълон қилиниб, расмий ҳисоб рақамига ўтказилади. Ўзбекистонда яшайдиган турклар ҳар қандай вазиятда ҳар доим ўзбекистонлик биродарларимизга далда бўлишда давом этади», — деб таъкидлаган Довуд Гази Бенли.
Эслатиб ўтамиз, Сардобадаги фалокатда салкам 6 мингта турар жойга зарар етган. Фалокат оқибатида жабрланган аҳолига ёрдам бериш учун Қирғизистон ҳукумати инсонпарварлик ёрдами жўнатди. АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги тошқин оқибатида жабр кўрган аҳолига кўмак бериш учун 100 минг доллар ажратди. Ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов эса Сирдарёда жабр кўрган аҳолига кўмак бериш учун 10 миллион АҚШ доллари миқдорида хайрия маблағи ажратди.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга Сардоба фалокатидан зарар кўрган ҳудудларни тиклашда зудлик билан ёрдам беришга тайёрлигини билдирганди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида Сардобадаги фалокатдан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун «Саховат карвон»лари жўнатилмоқда.
Изоҳ (0)