Ўзбекистонда март ойидан бошлаб асосий савдо ҳамкорлари бўлган давлатлар валюталарининг қадрсизланиши ва асосий хом ашё товарлари нархларининг пасайиши шароитида экспорт ва пул ўтказмаларидан валюта тушумлари сезиларли даражада пасайди. Бу ҳақда Марказий банкнинг «2020 йилнинг I чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да маълум қилинди.
Бироқ таъкидланишича, айни пайтда республикада паст иқтисодий фаоллик шароитида импортга бўлган талабнинг сезиларли ўсиши кузатилмаган.
Апрель ойининг дастлабки 3 ҳафтасида доллар алмашув курси ўртача 6,7 фоиз ўсган. Бунга ўз навбатида, ички валюта бозорида алмашув курсининг маълум даражада тўғриланиши сифатида қараш мумкин.
Сўм алмашув курсида мазкур тўғриланиш жорий йил март ойида асосий савдо ҳамкорлари миллий валюталарининг қадрсизланиши натижасида юзага келган реал эффектив алмашув курси тафовутининг ёпилишига хизмат қилди:
Бундан ташқари, шу йилнинг апрелидан бошлаб асосий савдо ҳамкорлар валюталари қадри бироз ошиб, нисбатан барқарор динамикани кўрсатмоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра, асосий савдо-ҳамкор давлатларда инфляция даражаси дастлабки прогнозларга нисбатан бирмунча юқори бўлади. «Қисқа муддатли истиқболда фундаментал омиллар томонидан сўмнинг номинал алмашув курсига девальвацион босимнинг юзага келиши кутилмаяпти», — дея хулоса қилинган Марказий банкда.
Марказий банкнинг 5 майдан хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан белгилаган янги қийматига кўра, долларнинг расмий курси 10 129,39 сўмни ташкил қилмоқда.
Изоҳ (0)