АҚШ расмийларининг фикрича, Хитой дори-дармон ва ҳимоя воситаларини тўплаб олиш учун коронавирус тарқалиши кўлами ва унинг хавфлилик даражаси ҳақидаги маълумотларни яшириб келган. Бу ҳақда АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ҳисоботига таяниб, Associated Press хабар бермоқда.
Ҳужжатда айтилишича, Хитой коронавируснинг хавфлилик даражасини пасайтириб кўрсатган ҳолда тиббий буюмлар олиб чиқиб кетилишини қисқартириб, импортни оширган. Хитой ҳукумати эса экспорт чекловлари борлигини инкор этиб, ўзининг савдо-сотиқ маълумотларини беришни кечиктирган ҳамда уни чалкаштириб, яширишга уринган.
Шунингдек, қайд этилишича, Хитой қарийб бутун январь ойи давомида коронавирус хавфини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан яшириб, бу вақтда ҳимоя ниқоблари, жарроҳлик халатлари ва қўлқоплар импортини кўпайтирган.
Таъкидланишича, ушбу ҳисобот пандемия бошланганда Хитойда импорт ва экспортнинг ғайритабиий ўзгарганини таҳлил қилиш асосида тузилган. АҚШ разведка маълумотларига кўра, Хитойнинг импорт ва экспортидаги ўзгаришлар 95 фоиз эҳтимоллик билан нормадан ошиб кетган.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Пекинни коронавирусга оид фактларни яширгани учун жавобгарликка тортишга ваъда берганди. Миссури штати бош прокурори эса коронавирус сабаб Хитойни судга берганди. Ғарб махсус хизматлари Хитойни коронавирусга оид далилларни йўқ қилишда айблади.
Айни пайтда дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 3,5 миллион кишидан ошган.
Изоҳ (0)