Telegram’да кучли ёмғир туфайли ҳосил бўлган сел моллар подасини оқизиб кетаётгани акс этган видео тарқалди.

Скрин: «Дарё»

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида юзага келган табиий офат оқибатида селда оқиб кетаётган ўнлаб молларни қутқаришнинг иложи бўлмаган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳали мазкур видео юзасидан расмий муносабат билдиргани йўқ, вазирлик ўз саҳифаларида 1—2 май кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Каспий денгизининг жанубий туманлари устида шаклланган нам ҳаво оқими кириб келиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди.

Аввал кучли шамол Фарғонада ҳам электр таъминотидаги узилишларга сабаб бўлгани хабар қилинганди. Ундан олдин Бухорода юз берган кучли шамол оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, 41 киши жароҳатлангани, шамолдан сўнг Бухоро, Навоий, Сирдарё ва Самарқанддаги салкам 140 минг хонадон газсиз қолгани, Бухоро кучли шамолдан сўнг электр таъминотида энг катта талафот кўргани ҳақида хабарлар берилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухорода юз берган кучли шамол оқибатларини кўздан кечириш учун вилоятга ташриф буюрган ҳамда Олот ва Қоракўлда табиий офат оқибатларини кўздан кечирган.

Бухорода 27 апрель шамолидан сўнг Қоракўл ва Олот туманлари билан алоқа узилиб қолганидан кейин Қоракўл ва Олотда тошқин ҳақида асоссиз миш-миш тарқалган ва туман аҳолиси 28 апрель куни ўз хонадонларини тарк эта бошлади. Ижтимоий тармоқларда трактор тиркамасида Бухоро шаҳри томон кетаётган қоракўлликлар видеоси ҳам пайдо бўлган. Кейинроқ сув тошқини ҳақида ёлғон хабар тарқатган шахслар аниқланди.