«Ўзгидромет» Бухорода талафотларга олиб келган кучли шамол пайдо бўлишига нима сабаб бўлганини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон метеорологик станциялари маълумотларига кўра, республиканинг Туркманистон ҳудуди билан туташ жануби-ғарбий туманларида шамолнинг тезлиги секундига 22—25 метргача етди, Қоракўл тумани (Бухоро вилоятининг жануби)да шамолнинг шиддати секундига 30 метр, Навоий туманида 35 метрни ташкил қилди.

Таъкидланишича, ушбу табиий офатга Туркманистоннинг жанубий ҳудуди устида шаклланган циклон сабаб бўлди. 27 апрель кечқурун совуқ циклон фронти Ўзбекистоннинг Туркманистонга туташ жануби-ғарбий туманларидан ўтди.

Атмосфера фронти зонасида иккита — кундузи 34—37 даражагача қизиган иссиқ ва совуқ циклон фронти ортидаги салқин ҳаво оқимлари тўқнашди, бу ҳолат ҳавонинг юқорига кучли ҳаракатланиши учун барча шароитларни яратди ҳамда момақалдироқ ва шиддатли шамолнинг ривожланишига олиб келди.

Қайд этилишича, «Ўзгидромет синоптиклари 27—29 апрель кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб об-ҳавонинг нобарқарор бўлишини кутган эди — об-ҳаво маълумотларида шамолнинг тезлиги секундига 15—20 метргача кучайиши ва вақти-вақти билан момақалдироқли ёмғир ёғиши кўрсатилди. Хусусан, Бухоро ва Навоий вилоятларида бу ҳодисалар 27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси кутилган эди.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида шамолнинг кузатилган тезлиги 15—20 метр/секунд атрофида бўлди. Бироқ Бухоро ва Навоий вилоятининг айрим туманларида шамолнинг тезлиги прогноз қилинган қийматлардан юқори бўлди.

«Шамол шундай экстремал тезликка эришишини олдиндан прогноз қилиш мумкинмиди? Афсуски, барча об-ҳаво ҳодисаларини, шу жумладан, хавфли ҳодисаларни олдиндан билиш қийин. Бир жойнинг ўзида юзага келадиган кичик ҳудудларни қамраб олиб, жуда тез ривожланадиган локал (маҳаллий) ҳодисаларни прогнозлаш жуда мураккаб ҳисобланади.

Ҳар холда турли жаҳон об-ҳаво марказларининг ҳисоб-китобларига кўра ҳам 27—28 апрель кунлари шамолнинг тезлиги секундига 20 метрдан юқори бўлиши кутилмаган эди. Балки ҳисоб-китобларнинг бундай натижаси пандемия даврида юзага келган маълумотлар етишмаслиги сабабли бўлиши мумкин, чунки бугун дунёда кузатилаётган пандемия даврида метеорологик маълумотлар ҳажми бир неча марта камайди», — деб таъкидлаган «Ўзгидромет».

Шунингдек, билдирилишича, Бухоро ва Навоий вилоятларида шамол кучининг секундига 30—35 метргача етиши, албатта, жуда кам учрайдиган ҳодиса. Лекин бу аномал ҳолат дегани эмас. Хусусан, 2019 йилда Навоийда шамол тезлигининг 35 метр/секундга етганлиги икки марта қайд этилган. Қоракўл метеостанциясида 1981 йил май ойида шамолнинг тезлиги 40 метр/секунд бўлгани қайд этилган.

«Яна шуни ҳам эътиборга олиш керакки, шиддатли шамоллар метеостанциялар йўқ бўлган раёнларда юзага келган ҳолатлар ҳам кузатилади, бундай ҳолатда шунинг учун метеокузатувлар тарихида қайд этилмайди», — деб хабарни якунлаган «Ўзгидромет».

Эслатиб ўтамиз, Бухорода юз берган кучли шамол оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 41 киши жароҳатланди. Кучли шамолдан сўнг Бухоро, Навоий, Сирдарё ва Самарқанддаги салкам 140 минг хонадон газсиз қолди. Бухоро кучли шамолдан сўнг электр таъминотида энг катта талафот кўрди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухорода юз берган кучли шамол оқибатларини кўздан кечириш учун вилоятга ташриф буюрди ҳамда Олот ва Қоракўлда табиий офат оқибатларини кўздан кечирди.

Бухорода 27 апрель шамолидан сўнг Қоракўл ва Олот туманлари билан алоқа узилиб қолганидан кейин Қоракўл ва Олотда тошқин ҳақида асоссиз миш-миш тарқалган ва туман аҳолиси 28 апрель куни ўз хонадонларини тарк эта бошлади. Ижтимоий тармоқларда трактор тиркамасида Бухоро шаҳри томон кетаётган қоракўлликлар видеоси ҳам пайдо бўлган. Кейинроқ сув тошқини ҳақида ёлғон хабар тарқатган шахслар аниқланди.