Буюк Британия коронавирус билан касалланишнинг энг юқори чўққисидан ўтди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Борис Жонсон коронавирусдан тузалиб, ишга қайтганидан сўнг ўтказилган биринчи брифингда маълум қилди.
«Биз чўққини босиб ўтдик ва энди пастга қараб кетяпмиз. Биз худди тоғдаги узун туннелдан ўтиб, энди олдинда ёруғликни кўраётганга ўхшаймиз», — деган у.
Борис Жонсон карантин чораларини юмшатиш ва иқтисодиётни тиклаш, болаларни мактабга қайтариш, компаниялар ишини қайта тиклаш бўйича батафсил режани кейинги ҳафтада тақдим этишга ваъда берди.
Шу билан бирга, карантин чораларини бекор қилиш ёки юмшатиш ҳақида гап-сўзларга ҳали эрта эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Борис Жонсон коронавирус билан касаллангани ҳақида 27 март куни маълум бўлганди. 5 апрель куни у эҳтиёт чораси сифатида авлиё Фома шифохонасига ётқизилганди. Бироқ кейинроқ сиёсатчининг соғлиғи кескин ёмонлашиб, жонлантириш бўлимига олинганди. 9 апрель куни эса бош вазир интенсив терапиядан оддий палатага ўтказилган. 12 апрель куни эса касалхонадан чиқиб, уйда даволанишни давом эттирганди. 27 апрелдан эса яна ишини давом эттирган.
Аввалроқ британиялик 99 ёшли қария боғида сайр қилиб коронавирусга қарши курашга 30 миллион фунт тўплагани, Лондонда ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратида 10 кун ётган бемор таассуротларини гапириб бергани ҳақида хабарлар берилган эди.
Изоҳ (0)