Арманистон пойтахтида мамлакат парламенти вице-спикери Ален Симонян ва мухолифатчи блогер Артур Даниелян ўртасида муштлашув келиб чиқди. «РИА Новости»нинг хабар беришича, воқеага доир видео 29 апрель куни Facebook ижтимоий тармоғида пайдо бўлган. Ален Симоняннинг айтишича, блогер ҳақоратлагани учун бурнига қарата боши билан «солган».
Ижтимоий тармоқда жойланган видеога кўра, ҳар иккови ҳам тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари эса ҳозирча бу воқеага ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Вице-спикер Facebook’даги видеомурожаатида блогерни Ереванда учратиб қолиб, у билан сўрашгани, лекин бунга жавобан унинг онасини уятли ва куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб кетганини айтган.
«Шундан сўнг унинг олдига келиб у ҳақда ҳам худди шундай фикрда эканлигини айтиб бошим билан бурнига қарата урдим», — деган Симонян ва воқеа пайтида унинг рақиблари уч киши бўлганини қўшимча қилган. Вице-спикернинг айтишича, кейин кичик муштлашув келиб чиққан унга тан жароҳати етказилган.
«Шундай жавоб қайтаришга тўғри келганидан афсусдаман, лекин ҳақоратни эшитмаганга олиб ўтиб кетолмасдим… Менимча, ўрнимда бошқа ҳар қандай эркак бўлганида бу вазиятда бошқача йўл тутмаган бўларди. Мен давлатнинг мансабдор шахси эканлигимни биламан, лекин бу кимдир бировнинг оддий саломига бундай жавоб беришга ҳаққи борлигини билдирмайди. Бунда муаммо кўрмаяпман ва қилмишимга яраша жавобгарликка тайёрман», — деган у.
Хабарда айтилишича, мамлакатнинг собиқ адлия вазири воқеа жараёни хусусий компания кузатув камераларига тушиб қолгани ва полиция томонидан олиб қўйилганини маълум қилган.
Ҳодиса оммавий резонансга сабаб бўлганини ҳисобга олган ҳолда, «жамиятнинг ҳақиқатни билиш ҳуқуқи» тергов сиридан устунлигини айтиб, видеони зудлик билан жамоатчиликка ошкор қилишни талаб қилган.
Маълумот учун, Даниелян давлат ҳаракатларини кескин танқид қилувчи «Адеквад» мухолифатчи партияга раҳбарлик қилади.
Изоҳ (0)