Вазирлар Маҳкамасининг «Ғалаба боғи мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳада Тошкент шаҳри Олмазор туманида барпо этилган Иккинчи жаҳон уруши даврига оид «Ғалаба боғи мажмуаси» оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тасарруфига берилиши белгиланган.
Мазкур мажмуа Марказий хиёбон, Темир йўл вокзали, ҳарбий техникалар майдончалари, Амфитеатр ва маъмурий бино, Урушнинг даҳшатли қиёфаси акс этган майдон, Фронторти ҳудуди, Мотам ва андуҳ ҳудуди, Шод-у ҳуррамлик ҳудуди, Шукроналик ҳудуди, Ғалаба ҳудуди, Шон-шараф давлат музейи ҳамда монумент ва ҳайкаллардан иборат бўлиб, тарихий ҳақиқатлар ҳақида маълумот беришга хизмат қилади.
Ўтганлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган мажмуада маънавий-маърифий тадбирлар, республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий анжуманлар, конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари, ижодий кечалар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳам белгилаб ўтилган.
Шунингдек, мажмуада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда мавзуга оид виртуал экскурсиялар ташкил этиш шароитини яратиш ҳам режалаштирилган.
Ушбу қарор лойиҳаси 12 майгача давом этади. Унинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш ва таклифлар билдириш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 25 июнь куни мазкур ҳудудда бўлиб, «Ғалаба боғи» қурилиши бўйича топшириқлар берган, ушбу топшириқ асосида боғ концепцияси ишлаб чиқилганди.
Изоҳ (0)