Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар Ўзбекистонда прописка тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонунни кўриб чиқди ва маъқуллади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қонунчилик палатасида «‘Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисидаъги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, қонун лойиҳаси мавжуд муаммо ва камчиликларни, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тартибга солинадиган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятли ҳисобланади.
Қонунга мувофиқ, «доимий прописка» сўзлари «яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» сўзларига алмаштирилмоқда. «Бу бежиз эмас. Чунки ҳозирги вақтда ривожланган давлатларда аҳоли ички миграциясида пойтахт ва унинг атрофидаги ҳудудларга нисбатан алоҳида талаб ва қоидалар ҳамда прописка институти мавжуд эмас», — дейилади палата хабарида.
Бундан ташқари, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти берилмоқда.
Айни пайтнинг ўзида эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотишига доир қоидалар бекор қилиняпти. Қолаверса, эр-хотинга улар никоҳдан ўтган куннинг ўзида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилмоқда.
Давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзолари доимий рўйхатга туриш бўйича янги банд киритилмоқда.
Қайд этилишича, шу ва бошқа муҳим жиҳатларни ўз ичига олган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Президент фармонига кўра, 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди.
Изоҳ (0)