Бухоро вилоятида коронавирусга чалинган навбатдаги 11 нафар бемор 29 апрель куни тўлиқ соғайди. Ўзбекистонда мазкур касалликдан тузалганларнинг умумий сони 1005 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Бухорода шифо топганларнинг барчаси Россиядан чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, улар шифохонага жойлаштирилган.
Уларнинг барчаси эркак бўлиб, 4 нафари Қашқадарё вилоятидан, 3 нафари Тошкент шаҳридан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятида яшовчи 2 нафардан фуқаро ҳам тузалган. Улар орасида энг каттаси 57 ёшда бўлса, энг кичиги 16 ёшда.
Шу тариқа, Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар COVID-19’дан соғайган беморлар сони 300 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни Ўзбекистонда илк бор коронавирусдан соғайганлар сони (992 нафар) айни вақтда коронавирус инфекциясидан даволанаётганлар сонидан (939 нафар) ошиб кетди.
Ўзбекистонда 29 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 16 кишига кўпайиб, 1955 нафарга етди. Ўзбекистонда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг саккиз нафари вафот этган.
Изоҳ (0)