Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Акром Арипов Қарши туман ҳокимига ўринбосар бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Айтилишича, Акром Ариповнинг ўрнига бошқармага Файзулла Ғуломов раҳбар этиб тайинланган. Ғуломовнинг ушбу лавозимга тайинланиши халқ депутатлари вилоят кенгашининг VI чақириқ тўртинчи сессиясида маълум қилинган.

Таъкидланишича, айни пайтга қадар «Қашқадарё агросервис МТП» масъулияти чекланган жамияти директори вазифасида ишлаб келган Файзулла Ғуломов вилоят кенгаши депутатлигидан воз кечиб, Агроинспекция бошлиғи лавозимини эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода чиқиш қилган Акром Арипов Нишон туманида ўзгалар мулки бўлган қўйларни Қашқадарё ҳокими топшириғига кўра сўйиб, кам таъминланган фуқаролар ва усталарга тарқатаётганини айтганди. Вилоят ҳокимлиги эса мазкур ҳолатни инкор қилганди.