АҚШ Космик кучлари қўмондони генерал Жон Рэймонд Эрон ҳарбийлари томонидан учирилган «Нур-1» сунъий йўлдошини разведка учун фойдасиз деб атади.
Эрон 22 апрель куни «Чопар» ракета-ташувчиси ёрдамида 425 километр баландликдаги орбитага ўзининг «Нур» номли илк ҳарбий сунъий йўлдошини учирган эди. Ушбу маълумотни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари космик маконни назорат қилиш 18-эскадрильяси ҳам тасдиқлаган.
Генерал Рэймонд ўзининг Twitter’даги саҳифасига АҚШ ҲҲК космик қўмондонлиги Эрон томонидан учирилган объектни кузатишда давом этаётганини ёзиб қолдирган. Америка ҳарбийларининг баҳолашича, Эрон сунъий йўлдошининг ўлчами 10х10х30 сантиметрга тенг.
Америка генералининг сўзларига кўра, Эрон мазкур сунъий йўлдоши Ер юзасини суратга олишини маълум қилган. «Умуман олганда бу космосда думалаб юрган веб-камера, разведка ишларида қўл келиш эҳтимоллиги кам», — дейди Рэймонд.
Аввалроқ россиялик радиоҳаваскор Дмитрий Пашков «Нур-1» сигнали барқарор эмаслигини — бу сунъий йўлдош айланиб ётгани ва мувозанатга келмагунча ишга кириша олмаслигини билдирган эди.
Маълумот учун, 2009 йилда Эрон орбитага бешта сунъий йўлдошни учиришга муваффақ бўлган, хусусан, уларнинг тўрттаси «Сафир» ракетаси ёрдамида учирилган.
Изоҳ (0)