«Расинг» клубида ижара асосида тўп сураётган «Реал» дарвозабони Люка Зидан Жазоир терма жамоасида ўйнашга қарор қилди.
Sports Finding нашрининг хабар қилишича, Жазоир терма жамоаси бош мураббийи Жамел Белмади коронавирус пандемияси бошланмасидан аввал Люка билан учрашган ва уни терма жамоага таклиф қилган. Зинедин Зиданнинг ўғли Жазоир фуқаролигини олиш ва терма жамоада ўйнашга рози бўлган. Куздан бошлаб 21 ёшли дарвозабон ЖЧ—2022 саралаш босқичи ўйинларида иштирок этиши мумкин.
Люка Зидан Франция ёшлар терма жамоасида ҳаракат қилган, бироқ у асосий терма жамоада ўйнамаган. Шу боис Жазоир терма жамоаси футболчисига айланишида муаммо бўлмайди.
Зидан 2019 йилнинг ёзида ижара асосида «Расинг»га йўл олганди. Аввалроқ «Реал» футболчи билан шартномани узайтирмаслиги хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Зинедин Зидан Францияда туғилган бўлсада, асли келиб чиқиши шимолий Жазоирдан ҳисобланади. Зизу халқаро майдонда Франция терма жамоасини ҳимоя қилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)