Жанубий Кореяда футбол бўйича мамлакат чемпионати 8 майдан старт олади. Бу борада Корея футбол лигаси директорлар кенгаши қарор қабул қилди.
Кореяда мавсум 29 февраль куни бошланиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси сабаб қолдирилганди.
Мавсумда жамоалар аввал режа қилинганидек 38 ўйин эмас, 27 тадан учрашув ўтказади. Сўнгги ўринни эгаллаган жамоа иккинчи дивизионга равона бўлади. Мавсум аввалида ўйинлар томошабинларсиз ўтади.
Агар мавсум давомида қайсидир жамоа вакилида коронавирус аниқланадиган бўлса, клуб кейинги икки ҳафта мобайнида ўйинларга қўйилмайди.
Эслатиб ўтамиз, К-Лигада Икром Алибоев («Сеул»), Достон Турсунов («Пусан Ай-Парк») ва Рустам Ашурматов («Гвангжу») каби ўзбекистонлик футболчилар тўп суради.
Жанубий Кореяда 10 мингдан ортиқ киши коронавирус юқтириб олган, қурбонлар сони 240 нафарни ташкил этмоқда. 8,6 мингдан ортиқ одам вирусдан халос бўлган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)