Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон 22 апрель, чоршанба куни, телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Рамазон ойи бошланиши муносабати билан самимий қутловлар алмашиб, бир-бирлари ва биродар халқларга сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва равнақ тилади. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Туркияда кенг нишонланадиган давлат байрами — Миллий суверенитет ва болалар куни билан ҳам табриклади.

Мулоқотда президентлар янги глобал хатар — коронавирус инфекциясининг шиддатли тарқалишига қарши курашишда яқиндан ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида тўхталди.

Хусусан, томонлар мамлакатда пандемияга қарши кураш, шунингдек, ушбу хавфли касаллик оқибатларининг амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишларга ва инқирозга қарши қабул қилинаётган чоралар самарадорлигига салбий таъсирининг олдини олиш борасида кўрилаётган қатъий чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Давлат раҳбарлари 10 апрель куни коронавирусга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалаларига бағишлаб видеоанжуман тарзида ўтказилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши навбатдан ташқари саммитининг самарали натижаларини юксак баҳолади.

Жумладан, эришилган келишувларга мувофиқ, амалий тажриба алмашиш ва юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал қилиш учун ўзаро мувофиқлашган тарзда ишлаш мақсадида яқин кунларда Туркий кенгаш мамлакатлари соғлиқни сақлаш ва транспорт вазирликлари раҳбарларининг туркум онлайн-учрашувлари бўлиб ўтади.

Суҳбатда минтақавий ҳамкорлик ва халқаро сиёсатга доир қатор долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилган.

22 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 1692 нафарга етди. Туркияда эса касалланганлар сони 95 591 кишини ташкил этмоқда.