Италия бош вазири Жузеппе Конте Европа Иттифоқини коронавирус пандемияси билан боғлиқ фавқулодда вазият пайтида 2008 йилдаги молиявий инқироз вақтида йўл қўйилган хатолар такрорланишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Европа Иттифоқи ва евроҳудуд 2008 йилдаги молиявий инқироз вақтида йўл қўйилган хатоларни такрорламаслиги керак, ўшанда умумий жавоб беришнинг уддасидан чиқилмаган эди. Бу ўзимизга раво кўра олмайдиган хавф, чунки керакли ва жасоратли жавоб топишдаги муваффақиятсизлик Европа Иттифоқи лойиҳасининг ўзига жиддий зарар етказиши мумкин эди», — дея баёнот қилган бош вазир.
Шу сабабли Конте айни пайтдаги фавқулодда ҳолатдан чиқиш бўйича ечимларнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтган. Мазкур ечимлар Европа Иттифоқининг навбатдаги саммитида қабул қилиниши керак. Унинг сўзларига кўра, мазкур форум ҳал қилувчи бўлмайди, бироқ унда Европада COVID-19 пандемияси юзага келган инқирозни енгиб ўтиш учун аниқ йўналишлар белгилаб олиниши керак.
Айни пайтда дунё бўйича COVID-19 билан касалланганларнинг умумий сони 2 470 000 кишидан ошган, 170 мингдан ортиқ киши вафот этди, 645 мингдан ортиқ бемор тузалди.
Изоҳ (0)