Тошкент шаҳрида 20 апрелдан бошлаб иситиш тизими ўчирилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.
Хабар берилишича, ҳаво ҳарорати кейинги ҳафта 27 даража иссиқ ва ундан ортиқ бўлишини инобатга ҳолда иссиқлик таъминоти тизимини ёзги иш тартибига ўтказиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан турар жойларда иссиқлик таъминоти тизимини 20 апрелдан бошлаб босқичма-босқич ўчириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонқуловнинг айтишича, иссиқлик таъминоти тизимини ўчириш босқичма-босқич амалга оширилади. Биринчи навбатда, иссиқлик манбаларида босим пасаяди, насос станциялари ўчирилади. Шундан сўнг, турар-жой бинолари ва маҳаллий қозонхоналарнинг иссиқлик таъминоти тўхтатилади. Жараён охирида иситиш тармоқлари тўлиқ иссиқ сув таъминоти режимига ўтади. Иссиқлик таъминоти тизимининг ўчирилиши бўйича тўлиқ жараён ўртача уч кун давом этади.
Шу билан бирга, иссиқ сув таъминоти бўйича карантин тугагунига қадар баҳорги ҳафталик ўчириш амалга оширилмайди, келгуси иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича барча таъмирлаш ишлари жадваллари мавжуд вазиятдан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилади.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳарда иссиқлик таъминотини 1 апрелдан ўчиришни режалаштирган эди. Шаҳар ҳокимлиги карантин сабабли иссиқ сув ўчирилмаслигини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида жорий иситиш мавсуми 2019 йилнинг 25 октябрида бошланган.
Изоҳ (0)