АОКА ҳузурида ташкил этилган штабдаги Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов махсус стикерсиз ҳаракатланиши мумкин бўлган, тиббиёт соҳасига алоқадор автотранспорт воситалари хусусида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Маълумки, давлат соғлиқни сақлаш тизимига кирувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорти (1-банд), хусусий тиббиёт ташкилотлари (хусусий клиника, дорихона ва бошқа тиббиёт ташкилотлари)нинг фақат хизмат автотранспорти (2-банд) стикерсиз ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланган.
Матбуот котиби ҳайдовчининг ёнида мазкур ташкилотда ишлашини тасдиқловчи меҳнат дафтарчаси нусхаси ва айнан карантин даврида ишга жалб этилганлиги ҳақида ташкилотдан бирор-бир ҳужжат олиб юриши шартлигини (кўпинча бу маълумотнома кўринишида бўлади) билдирди. Агар шу икки ҳужжат бўлмаса ҳаракатланиш ноқонуний, деб топилиши қўшимча қилинди.
«Бу ваколат ҳайдовчига ишга бориб келиш, яъни Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтиш учун берилган. Яна бир қулайлик, ҳайдовчи транспортда бирга ишловчи ходимларни олиб юриши мумкин, фақат улар ўзлари билан учта ҳужжат— паспорт, меҳнат дафтарчаси ва ташкилотдан берилган маълумотномани олиб юришлари шарт. Бегона одамларни транспортда олиб юриш, қоидабузарлик ҳисобланади», — деб таъкидлади Шоҳрух Ғиёсов.
Шунингдек, хусусий тиббиёт ташкилотлари ходимлари шахсий транспортдан фойдаланишлари мумкин эмаслигини билдирди.
Изоҳ (0)