Россияда сўнгги бир суткада коронавирусга чалинган 22 киши вафот этди. Бу ҳақда Касалликка қарши кураш бўйича тезкор штабнинг Telegram каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, вафот этган 22 кишининг 13 нафари Москва шаҳрида, беш нафари Москва вилоятида, икки нафари Бошқирдистон Республикасида, бир нафари Владимир вилоятида ва яна бир нафари Воронеж вилоятида қайд этилган.
Москвада вафот этганларнинг аксариятида сурункали касалликлар, шу жумладан, сурункали бронхит ва гипертония бўлган, беш нафар бемор қандли диабет билан оғриган. Барча касалланганларда ўпканинг икки томонлама пневмонияси кузатилган. Вафот этганларнинг ёши 29—80 орасида бўлган.
Россияда сўнгги бир суткада 2774 кишида коронавирус аниқланган. Мамлакатда 14 апрель ҳолатига кўра, 18 328 кишида коронавирус қайд этилган. Касалликдан жами 170 нафар бемор вафот этган, 1694 киши тузалишга муваффақ бўлган.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин мамлакатда коронавирус ҳали ўз чўққисига етмаганини маълум қилган эди. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса мамлакатда коронавирусга қарши препарат ишлаб чиқилганини эълон қилди.
Изоҳ (0)