Швейцария ҳукумати коронавирус пандемияси хавфи вақтида машҳур Маттерҳорн тоғининг чўққисини (Toblerone шоколадининг қадоғида айнан ушбу чўққи тасвирланган) ўзига хос «умид рамзи»га айлантиришга қарор қилди.
Бир неча ҳафта давомида чўққида қўллаб-қувватловчи сўзларнинг тасвири порлаб турди: масалан, «Умид», «Уйда қолинг», «Ҳозир орзу қил, кейин саёҳат қиласан».
«Биз инсонларга умид ва бирдамлик ҳиссини тақдим этишни ният қилдик. Шу орқали пандемиядан азият чекканларнинг барчасига бирдамликни намойиш этамиз ва ушбу инқирозни енгишда ёрдам кўрсатган барчага миннатдорчилик билдирамиз», — дейди Швейцария ҳукумати.
Мазкур лойиҳа 19 апрелга қадар давом этиши режалаштирилган. Уни амалга оширишда рассом Жерри Хофштеттер ёрдам кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, чўққида пандемиядан энг кўп жабрланган давлатларнинг байроқлари ҳам пайдо бўлиб турибди — Италия, Испания, Франция, Швейцариянинг ўзи ҳамда бошқа давлатлар.
Сўнгги маълумотларга кўра, Швейцарияда коронавирус билан касалланганлар сони 25 688 кишига етган, 1138 киши вафот этган.
Изоҳ (0)