Хитойда ўтган бир сутка ичида 108 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди, 2 киши вафот этди, 88 нафар бемор тузалди, деб хабар бермоқда «РИА Новости» мамлакат Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумотларига таяниб.
Таъкидланишича, янги беморларнинг 98 нафари вирусни хориждан юқтирган, қолган 10 киши мамлакат ичида юқтириб олган.
Мамлакатда 12 апрель куни вирус юқтириш билан боғлиқ 99 та, 11 апрелда 46 та, 10 апрелда эса 42 та ҳолат қайд этилганди. Умумий ҳисобда Хитойда коронавирусни четдан юқтириш билан боғлиқ 1 378 та ҳолат қайд этилган. Улардан 867 нафари касалланганлигича қолмоқда (шундан 38 нафарининг аҳволи оғир), 511 киши тузалган.
Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, Хитойда коронавирус аниқланганидан буён 83 135 киши касаллангани тасдиқланган, 3 343 киши вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, Хитой ҳукумати 1 апрелдан бошлаб коронавирус ҳеч қандай белгиларсиз тарқалаётгани ҳақида маълум қилганди. Сўнгги суткада 61 та шундай ҳолат аниқланган. Уларнинг 12 таси четдан юқтирилган.
Шунингдек, ўтган бир сутка ичида 55 кишига карантиндан жавоб берилган. Тест уларда вирус борлигини кўрсатган бўлса-да, бироқ касалликнинг ҳеч қандай аломатлари аниқланмаган. Айни пайтда касаллик аломатлари кузатилмаётган яна 1 064 киши шифокорлар назоратида бўлиб турибди.
Изоҳ (0)