Эквадор президенти Ленин Морено коронавирус пандемияси, нефть нархининг пасайиши ва бюджет тақчиллиги туфайли юзага келган мураккаб инқироз шароитида мамлакат раҳбарияти ва амалдорларининг маошини икки баравар қисқартиришга қарор қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Мен, президент, вице-президент, вазирлар ва вазир ўринбосарларининг ойлик иш ҳақини 50 фоизга камайтиришга қарор қилдим. Шунингдек, барча амалдорлар ва парламент аъзолари ҳам шундай йўл тутади», — деб ёзган у ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
Жума куни Эквадор раҳбари мамлакатда бюджетдан ташқари маблағлар, яъни фуқаролик жамияти ва йирик бизнес вакилларининг мажбурий бадаллари билан тўлдириладиган гуманитар ёрдам жамғармаси ташкил этилишини эълон қилган.
Хусусан, йилига 1 миллион доллардан кўпроқ даромад олган компаниялар уч ой ичида жамғармага даромадининг 5 фоизини бериши шарт. Бундан ташқари, даромадлари 500 доллардан кўпроқ бўлган фуқаролар тўққиз ой давомида фондга (ойига 2 доллар) бадаллар тўлаши керак.
Айни пайтда Эквадорда коронавирусга чалиниш бўйича 7 466 та ҳолат қайд этилган, 333 киши вафот этган.
Ўзбекистонда эса коронавирусга чалинганлар сони 896 нафарга етди.
Изоҳ (0)