Ўзбекистонда яна 24 нафар бемор коронавирусдан бутунлай фориғ бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тузалганлар Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар томонидан Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Вазирликнинг билдиришича, шифокорларнинг билими ва тажрибаси туфайли коронавирус инфекциясига чалинганлар орасида ўлим кўрсаткичларининг минимал даражада бўлиши ва аксинча, соғайганларнинг максимал даражада бўлишига эришилмоқда.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан ташқари Хоразм ва Наманган вилоятлари юқумли касалликлар шифохонасида ҳам коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг бутунлай соғайишига эришилмоқда. Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ҳам коронавирус билан касалланган 4 нафар бемор бутунлай соғайган. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган.

Тузалганларнинг икки нафари (бири Андижондан, яна бири эса Тошкент вилоятидан) Туркиядан Бухорога келган бўлиб, 26 март куни улардан олинган таҳлилларда коронавирус инфекцияси аниқланган эди. Икки нафар фарғоналик фуқаро эса чартер рейс орқали Россиядан Бухорога олиб келинган, уларда ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланганди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Шунингдек, Хоразм вилоятида юқумли касалликлар шифохонасида ҳам коронавирус инфекциясига чалинган яна бир нафар бемор бутунлай соғайиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Шу тариқа Ўзбекистонда айни пайтда коронавирусдан тўлиқ соғайганлар сони 66 нафарга етган.

Бу каби самарали натижаларга эришишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, шунингдек, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония каби қатор давлатларнинг нуфузли мутахассислари тавсияларидан фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг пулмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби етакчи мутахассислари билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсиялар олиниб, уларнинг бир жамоа бўлиб фаолият кўрсатаётганлиги ана шундай ижобий ютуқларни қўлга киритишнинг муҳим омилига айланди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 12 апрель соат 16:00 ҳолатига 833 нафарга етган. Аввал Тошкентда коронавирусга қарши курашаётган шифокорларнинг навбатдаги гуруҳи ўрин алмашгани, Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган яна бир беморнинг вафот этгани, Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузганлар сони 46 мингтадан ошиб кетгани ҳақида хабарлар берилган.