Москвада қабристонлар зиёрат қилиш учун ёпилди, дафн маросими ва у билан боғлиқ хизматларни расмийлаштириш учун ташриф буюриш ҳоллари бундан мустасно. Meduza’нинг ёзишича, тегишли буйруқ Москва мэри Сергей Собянин томонидан имзоланди.

Фото: «ТАСС»

Қайд этилишича, коронавирусга чалиниш хавфини олдини олишга қаратилган ушбу чековлар Москвада 30 мартда ўрнатилган юқори тайёргарлик режими тугаллангунга қадар давом этади.

Анъанага кўра, россияликлар баҳорда яқинларининг қабрини зиёрат қилади. Пасха, Красная горка, Радоница каби диний байрамларда ўтказилувчи оммавий зиёрат эса бу йили апрель ойига тўғри келади.

Собяниннинг айтишича, одатда ушбу диний байрамлар куни қабристонларга қарийб миллион киши ташриф буюради.

«Афсуски, бу йилги баҳорда бунинг имкони бўлмайди. Коронавирусга чалинганлар сони 6 минг нафардан ошиб кетди. Касалхоналарда 30 нафардан ортиқ киши вафот этди. Янги коронавирус инфекциясини юқтириш хавфи жуда катта. Биз москваликларни, айниқса қабристонларга ташриф буюрувчиларнинг аксариятини ташкил этадиган қарияларни хавф остига қўя олмаймиз», — деб ёзган у ўзининг блогида ва ушбу қарорни тўғри қабул қилишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин 2 апрель куни мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашганини маълум қилган эди. Москвада карантин қоидаларини кузатадиган тизим ишга туширилган, мамлакатда коронавирусни юқори аниқликда аниқловчи тест яратилган. Айни пайтда Россияда коронавирусга чалинганлар сони 10 минг кишидан ошди, 76 киши вафот этди.