Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси қарори билан карантин вақтида уй ҳайвонларини уйдан қанча масофада сайр қилдириш мумкинлиги белгиланди.
Қарорга кўра, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида уй ҳайвонлари (уй итлари)ни уйдан 100 метр атрофида, кунига бир марта сайр қилдиришга рухсат берилди. Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов уй итларини сайр қилдиришда тумшуқбоғ тақиш зарурлиги ҳамда уларнинг ахлатини тозалаш кераклигини маълум қилган эди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон кинология федерацияси, карантин даврида коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида кўрилаётган чораларни тўғри тушунишини билдиргани ҳолда, уй итларига доир чекловни қайта кўриб чиқишни, итларни кунига бир эмас, икки марта айлантиришга олиб чиқишга рухсат беришни сўраган. Шунингдек, рухсат этилган сайр масофаси ҳам 100 метрдан 200 метргача оширилса, мақсадга мувофиқ.
«Ушбу чекловда итларнинг овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятининг жисмоний ўзига хосликларини инобатга олинмаган. Сайр — бу ит эгасининг эркалиги эмас, балки зарурат. Вояга етган ит кунига камига икки марта, кучуклар эса кунига уч-тўрт марта сайрга олиб чиқилиши керак. Эътиборлиси, вояга етган ит учун сайрлар орасидаги вақт 12 соатдан ошиб кетмаслиги лозим — итлар бундан ортиғига жисмоний сабабларга кўра бардош бера олмайди. Итни 12 соатдан кўпроқ чидашга мажбур қилиш унга шафқатсизларча муносабатда бўлиш билан тенг», — дейилади федерация раиси Ҳакимжонованинг очиқ мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида «ўзини яккалаш» тартиби 6 апрелдан мажбурий тартибда жорий этилди, мазкур ҳудудларда 6 апрелдан мототранспорт ва велосипедда ҳаракатланиш чекланди.
Изоҳ (0)